Зеленский Байденга Россия билан урушни тугатиш режасини тақдим этади
Олам
−
28 Август
12790Украина Президенти Владимир Зеленский Россия билан уруш охир-оқибат мулоқот билан якунланишини, аммо Киев кучли позицияда бўлиши кераклигини ва у ушбу режани АҚШ Президенти Жо Байден ва унинг икки вакилига тақдим этишини айтди. Бу ҳақда у кеча, 27 август куни матбуот анжуманида сўз очди.
Украина раҳбарининг айтишича, Киевнинг уч ҳафтадан бери Россиянинг Курск вилоятига бостириб кириши бу режанинг бир қисми, бироқ у иқтисодий ва дипломатик жабҳадаги бошқа қадамларни ҳам ўз ичига олади.
“Ушбу режанинг асосий мақсади Россияни урушни тугатишга мажбур қилишдир ва мен буни Украина учун адолатли бўлишини жуда хоҳлайман”, дейди Зеленский.
Зеленский кейинги қадамлар ҳақида батафсил маълумот бермаган, лекин режани демократ вице-президент Камола Ҳаррис ва, эҳтимол, республикачи Дональд Трамп билан ҳам муҳокама қилишини айтган.
Шунингдек, Зеленский сентябрь ойида Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун АҚШга боришга умид қилаётганини ва Байден билан учрашишга тайёрланаётганини маълум қилди.
Украина раҳбарининг сўзларига кўра, у музокаралар учун асосий потенциал форумни тинчлик бўйича кейинги халқаро саммит сифатида кўради, унда Украина Россия вакиллари қатнашишини истайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 август куни Украинага борган Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Владимир Зеленскийни Москва бошлаган урушни тугатиш учун Россия билан музокара ўтказишга рози бўлишга чақирганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси