Зеленский АҚШ қуролини олиш учун ҳар ой қанча пул кераклигини айтди
Олам
−
25 Август 2025 8242 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШдан қурол-яроғ сотиб олиш учун иттифоқчиларидан ҳар ой камида 1 миллиард доллар кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 25 август куни Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре билан учрашувда сўз очди.
Ўз навбатида, Стёре Украинага ёрдамни давом эттиришини, 2025–2026 йилларда Норвегия бу мақсадлар учун 8,45 миллиард доллар ажратишини ҳамда Украинага икки дона Patriot ҳаво мудофаа тизимини етказиб беришда кўмаклашишини билдирган.
Қайд этиш жоиз, Норвегия Бош вазири 25 август куни Киевга борди. Қўшма матбуот анжуманида Зеленский Украина ва АҚШ ҳарбий раҳбарлари ҳамда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар даражасида музокаралар бўлиб ўтишини эълон қилди.
Маълумот учун, жорий йилнинг ёз ойларида АҚШ ва НАТО Украинага Америка қуролларини етказиб бериш учун янги механизм – Priority Ukraine Requirements List (PURL) дастурини ишга туширган. У Европа иттифоқчилари ва Канаданинг бадаллари орқали молиялаштирилади. Украина мунтазам равишда 500 миллион долларлик ёрдам пакетлари олиши кутилмоқда.
14 август куни Зеленский шу механизм доирасида Украинага 1,5 миллиард доллар ажратилганини, дастурга Норвегия билан бир қаторда Нидерландия, Дания, Швеция ва Германия қўшилганини айтди. Кейинчалик Канада ҳам PURL дастурига қўшилганини маълум қилди.
Россия ҳукумати эса Ғарб давлатларини Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Зеленский кеча, 24 август куни Киевда Канада Бош вазири Марк Карни билан ўтказган матбуот анжуманида Украина Россия ҳудудига фақат ўзининг узоқ масофали қуроллари билан зарба бериши ва бунинг учун АҚШ рухсати керак эмаслигини айтганди.
Live
Барчаси