Амалдан кетиб, амалга келган Низомиддинов
Таҳлил
−
08 Апрель
13879Расман тасдиқланмаган бўлса ҳам Қорақалпоғистондаги намойишлар ортидан Президент Администрацияси раҳбари лавозимидан ишдан олингани айтилган Зайнилобиддин Низомиддинов Тошкент вилояти Бекобод туманига ҳоким бўлди. Кимсан администрация раҳбари бўлган одам учун бир туманнинг каттаси бўлиш администрация раҳбарлигидан кейин кўтарилишми ё тушиш, бугун шу ҳақда гаплашамиз.
Амалдан кетиб, амалга келган Низомиддинов
Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 7 апрель куни Халқ депутатлари Тошкент вилояти Бекобод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган ва собиқ администрация раҳбари Бекобод туманига ҳоким лавозимига тайинланган. Бекободнинг ишдан олинган ҳокими Шуҳрат Бегимқулович Дўстбеков эса йўл қўйган хато-камчиликлари учун лавозимидан озод этилгани айтилган. Президент Администрацияси раҳбари лавозимидан кетганидан кейин Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Зайнилобиддин Низомиддинов номзодини шахсан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг ўзи тавсия қилгани айтилган хабарда. Нима учун айнан Низомиддинов номзоди таклиф этилгани ҳеч кимга маълум эмас.
Нозимиддинов нега Президент Администрациясидан кетган?
Зайнилобиддин Шаҳобиддинович Низомиддинов 1974 йил Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманида туғилган. У Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси агросаноат мажмуаси котибияти мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида ижро этувчи аппарат мудири сифатида ишлаган. 2018 йил август ойи охирида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида йиғилиш бўлиб ўтган ва ўшанда президент девони Президент Администрацияси этиб қайта ташкил этилган. Ўша вақтгача президент ижроия аппарати раҳбари – маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатиб келган Зайнилобиддин Шаҳобиддинович Низомиддинов Президент Администрациясига раҳбари бўлган. У администрацияни қандай бошқаргани ҳақида фикрлар айтарли йўқ. Кимдир борлиги билинмаган деса, кимдир қаттиққўл раҳбар бўлган дейди. Зайнилобиддин Низомиддинов 2022 йилнинг 8 июль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига мувофиқ Президент Администрацияси раиси лавозимидан озод этилган. Ўшанда Низомиддинов саломатлиги туфайли лавозимдан озод этилгани айтилганди.
Аммо кўпчилик Низомиддиновни 2022 йилнинг 1 июнида Қорақалпоғистондаги намойишлар ортидан ишдан олинганини айтади. Албатта, бу расман тасдиқланмаган. Аммо кўпчилик уни намойишлардан 8 кун ўтиб ишдан олинишини айнан Қорақалпоқ воқеалари билан боғлади. Низомиддинов администрация раҳбари лавозимидан олинган куннинг ўзида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди. Қизиғи, бунгача ташкилотда бундай лавозим бўлмаган. Бу лавозимга ўтирганидан кейин у ОАВда кўриниш бермади. 2022 йилнинг июлида лавозимдан олинган Низомиддинов орадан деярли уч йил ўтиб ҳоким бўлди.
Нега айнан Бекобод?
Нега айнан Бекобод? Кўпчиликда айнан шу савол бор. Бекобод тумани юқоридан пастга, пастдан вилоятга чиқиш учун трамплин вазифасини бажаради деяётганлар ҳам йўқ эмас.
Бекободни бугунгача бошқарганларга бир назар ташласак, масалан, 2017 йилда Бекободни 2 ой бошқарган Туробжон Жўраев туманга ҳоким бўлишидан аввал турли йилларда молия вазирининг ўринбосари, халқ таълими вазири, Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти ҳокими сифатида ишлаган. 2017 йил апрель ойида Бекобод туманига ҳоким бўлиб, орадан 3 ой ўтиб, Самарқанд вилоятига ҳоким бўлган. Самарқандни бир ой бошқариб бошқармай, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 206-(ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан чиқиш), 210-(пора олиш) ва 243-(жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари билан айбдор деб топилган ва 13 йилга озодликдан маҳрум этилган. Собиқ ҳоким бу жиноятларни қайси лавозимда ишлаганида содир этгани таҳририятга маълум эмас.
2017 йил 20 июнигача Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари бўлган Отабек Исроилов Бекобод туман ҳокими бўлган ва орадан бир йил ўтиб, вазифасини бажаришда камчиликларга йўл қўйгани ва пахтани қўшиб ёзгани учун айбланиб, ишдан олингани айтилган.
Ундан кейин, 2018 йил 26 сентябргача Паркент тумани ҳокими бўлган Неъмат Абдуллаев Бекободга ҳоким бўлди. Орадан икки йил ўтиб, 2020 йил бошида ўша вақтдаги Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов экспорт, инвестиция, ёшлар билан ишлаш, уларни иш билан таъминлаш каби устувор масалаларда Бекобод тумани вилоятда энг охирги ўринларда бораётганини танқид қилган ва Неъмат Абдуллаевни ишдан олган.
Унинг ўрнига 2020 йил 18 февралгача Тошкент вилояти молия бошқармаси бошлиғи бўлган Фурқат Худойбердиев ҳоким этиб тайинланган. 2023 йилга келиб бу ҳоким ҳам йўл қўйган камчиликлари учун танқид қилинган ва лавозимидан олинган.
Юқорида айтганимиздек, Бекобод ҳокимлигига шахсан Зойир Мирзаев томонидан тавсия этилган Шуҳрат Мирзаев 2023 йил август ойида Бекобод туман ҳокими вазифасини бажарувчи бўлди. Орадан тўрт ой ўтиб Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов қўлга олинганининг эртасига Бекободга ҳоким бўлган Шуҳрат Мирзаев маблағларни ўзлаштирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. У ҳоким бўлгунга қадар “Қишлоқ қурилиш банк” Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлаган.
Бекободнинг кейинги ҳокими 2023 йил декабрга қадар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Тошкент вилояти кенгаши раиси бўлган Шуҳрат Дўстбеков. У ҳам туман ҳокимлигидан айнан йўл қўйган хато-камчиликлари учун ишдан олинди. Кейин ҳоким кичик эмас, катта бир курсида ўтирган, Президент Администрациясига раҳбарлик қилган Зайнилобиддин Низомиддинов бўлди.
Тошкент вилояти Бекобод туманида анча йил садоқат билан ишлаган ҳокимни топиш қийин. Бизда одатда фақат вилоят ҳокимлари жойида маҳкам ўтиради. Тумандагилар эса кўп алмашади. Администрацияни бошқарган одамга бир туманни бошқариш у қадар қийин бўлмас, балки Низомиддинов ҳам туманни озгина бошқариб юқорига кўтарилиб кетар.
Энди администрациядан туманга раҳбар бўлиш, кўтарилишми ё тушиш шу масалани кўриб чиқсак. Бизда туман, шаҳар, ё вилоят, қаерда ҳоким бўлишингиздан қатъи назар ҳокимлик яхши ўрин ҳисобланади. Ҳатто ҳокимлар Ички ишлар ё прокуратуранинг ҳам ички ишига аралашгани қулоғимизга кўп чалинади.
Инсон ҳуқуқлари фаоли “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Зайнилобиддин Низомиддиновнинг туман ҳокими лавозимига тайинланишини реабилитация жараёнига ўхшатмоқда.
“Зайнилобиддин Низомиддиновнинг туман ҳокими этиб тайинланишини реабилитация жараёнига ўхшатиш мумкин. Чунки у қанча юқори лавозимларда ишлаган бўлмасин, яхшилик билан кетмаган. Яъни Низомиддиновнинг ишларидан қониқишмаган. Шунинг ҳисобига уни қулаган юлдузлардан бири дейиш мумкин эди. Туман ҳокими лавозими – навбатчи лавозимлардан бири. Бу ўзига хос трамплин бўлиши ҳам мумкин, чунки вилоят ҳокимлигига йўл бир қадам. Вилоят ҳокимлигидан эса бош вазирлик ёки бошқаларга ҳам бир қадам. Ўзбекистонда кадрлар сиёсатига эътибор берадиган бўлсак, жуда тушунарсиз ва тартибсиз ҳамда мантиқсиз бир характерга эга. Масалан, туман ҳокими вазир ёки бош вазир ўринбосари туман ҳокими бўлиб қолса, мен бунга ажабланмайман. Чунки ҳокимият вертикалида кадрларни жойлаштириш жуда тушунарсиз. Яъни кўпинча, қонун-қоидалардан кўра тартиб-тамойил ва удумлар ёки ҳокимиятнинг шахсга нисбатан муносабати кўпроқ акс этади. Зайнилобиддин Низомиддинов ҳокимиятга тайинланган бўлса, балки уни кейинчалик яхши келажак кутаётгандир, балки вилоят ҳокими бўлиб, ундан яна эски лавозимларига тикланар”, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Юқоридан пастга...ми? Умуман, Ўзбекистон тарихида юқоридан пастга, пастдан юқорига кўтарилганлар борми дейилса, ҳа, бор десак тўғри бўлади. Улардан биринчиси Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев. Зойир Мирзаев 2016-2018 йилларда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлган. У вазир ўринбосари бўлиб ишлаган вақтида Оққўрғонда буғдойни вақтида суғормагани сабаб олти кишини кийимлари билан сув тўла ариққа тушишга мажбурлагани учун лавозимидан озод этилган эди. Ўшанда унинг бу иши жуда кўп танқидларга сабаб бўлганди. Зойир Мирзаев орадан бир йил ўтар-ўтмас 2019 йилда Қашқадарё вилоятига ҳоким бўлиб ишга қайтди ва вилоятни 2021 йилгача бошқарди. 2021 йилда эса Тошкент вилоятига ҳоким бўлган. Ёки Фарғона вилоятини бошқараётганда кўплаб танқидларга учраган Шуҳрат Ғаниев. У ходимлари билан қўпол муомалада бўлгани, сўкингани ё бошқалар учун танқид қилинган. Ишдаги камчиликлари ҳақида Президент ҳам гапирган, аммо лавозими ўсишда давом этди. Ишдан олинган ё танқид қилиниб, лавозими юқорилаган кўпларни санаш мумкин аслида. Ҳаммасини вақт кўрсатади деганларидек, Зайнилобиддин Низомиддиновнинг администрациядан кетиб, Бекободга ҳоким бўлиши ортидан нималар чиқади, тармоқларда айтилаётгандек, унинг Бекободга ҳоким бўлиши лавозими юқорилаши учун трамплинми, буни вақт кўрсатади.
LiveБарчаси
Эронда қуролли кучлар паради ўтказилди.
18 Апрель