Зарафшон дарёсининг суви камайиб бормоқда 

Жамият

image

Самарқанд вилоятида хўжалиги учун асосий сув манбаи бўлган Зарафшон дарёсидан келаётган сув ҳажми йил сайин камайиб бормоқда. Бу ҳақда бугун, 25 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ургут туманида бўлиб ўтган Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.

Қайд этилишича, дарёдаги сув ҳажми камайиб кетгани учун ер ости сувларидан фойдаланиш даражаси 2 баробар ошган. Шу боис, кейинги йил камида 30 минг гектарда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш зарурлиги қайд этилди.

Энди вилоятдаги фермерлар учун томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни жорий қилишга бериладиган кредит фоизи 14 дан 10 фоизга туширилади, пахта майдонларининг ҳар бир гектари учун 12 миллион сўмгача субсидия берилади.

Вилоятда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Сув солиғи тушуми тўлиқ туман сув корхоналари ихтиёрига ўтказилиб, фақат ариқ ва каналларни бетонлашга сарфланади. Бунинг натижасида ҳар йили 1 минг километр тупроқ канал ва ариқлар бетон қопламага ўтказилади.

Маълумот учун, сессия бўлиб ўтган Ургут туманининг 112 минг гектар майдони бор, шундан 12 минг гектари суғориладиган, 40 минг гектари яйлов ва 22 минг гектари тоғ ҳудудларини ташкил қилади. Бу йилдан 2 минг гектар ғалла ерлари, 3,5 минг гектар тамаки ерлари мева-сабзавот экишга ўтказилмоқда. Янги қўшилаётган 5,5 минг гектарда юқори даромад берадиган экспортбоп маҳсулотлар етиштириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, ғалла ва тамакидан бўшаган ерларнинг 3 минг гектарида оқ кишмиш экилиб, майиз қилинса, туманда қўшимча 80 миллион долларлик экспорт бўлади. Шунингдек, Ургут туманидаги 500 гектар тоғ-олди ва яйловда саноатлашган узумзор ташкил этиб, 10 гектардан аҳолига бўлиб бериш ташаббуси билдирилган. Иштихон туманида ҳам келаси йил 2 минг гектар қир-адирда бундай узумзорлар ташкил қилинади.

Ушбу ерларга сув олиб чиқиш мақсадида 50 та артизан қудуғи қазиш, 15-20 киловаттли қуёш панели ўрнатиш харажатлари учун 30 миллиард сўм арзон ресурс берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Зарафшон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг