“Заправка”да навбат талашиб, муштлашганлар қамалди
Жамият
−
19 Апрель 2023
6965Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги газ қуйиш шахобчасида 2022 йилнинг декабрь ойида содир бўлган жанжал иштирокчиларига суд ҳукми ўқилди.
Ҳужжатларга кўра, 2 нафар судланувчи жабрланувчига мушт туширган бўлса, яна бир судланувчи фуқаронинг бўйнига пичоқ тираган. 1994, 1992 ва 1994 йилларда туғилган судланувчилар машинага газ тўлдириш мақсадида шохобчадаги бошқа мижозлар билан навбат талашиб, жанжаллашиб кетган. Шу пайтда шохобчага келган яна бир ҳайдовчи ҳолат иштирокчиларини тинчлантирмоқчи бўлган. 3 нафар судланувчи эса уни уриб, тан жароҳати етказган.
Жабрланувчи ҳолат ҳақида гапирар экан, дўстининг машинасига газ қуйиш учун шохобчага боргани, у ерда йигитлар уришаётганини кўргани ва уларни ажратишга ҳаракат қилганини билдирди.
“Улар менга ташланиб кетди. Уёқ-буёққа судрашди, бўйнимга пичоқ тирашди. 3-шахс ҳам орқа тарафимдан келиб, пичоғи билан ташланди. Пичоқ курткамнинг чўнтак қисмига кириб, йиртиб чиқиб кетди. Бурним синди. Судланувчиларга нисбатан даъвом бор”, дейди у.
Судланувчилардан бири Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” ва “в” бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаган ҳолда безорилик содир этиш)да назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилди.
У 59-модданинг 8-қисми ва 61-моддага асосан 1 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 1 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва суд залининг ўзидаёқ қамоққа олинди. Қолган 2 нафар судланувчига эса 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси