Запорожьега қилинган ҳужумда 10 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Олам

image

Кеча, 8 январь куни Россия қўшинлари Украинанинг Запорожье шаҳрига ҳаво бомбалари билан ҳужум қилди, камида 13 киши ҳалок бўлди ва 63 киши яраланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Россия зарба ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади. Ҳужум маҳаллий вақт билан кундузи соат тўртларда уюштирилган.

Йўловчилар бўлган трамвай ва микроавтобуслар бўлакларга бўлинган. Яқин атрофда тўхтаб турган машиналарга ҳам зарар етган. Вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Иван Федоровнинг сўзларига кўра, Россия авиацияси шаҳар марказига иккита бошқариладиган бомба билан ҳужум қилган. Украина Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, зарбалар универсал режалаштириш ва тузатиш модулига эга ФАБ-500 авиабомбалари ёрдамида амалга оширилган.

Ҳукуматнинг сўнгги маълумотларига кўра, 13 киши ҳалок бўлган, яна 63 киши яраланган. Қутқарув ишлари якунланди. Дастлабки маълумотларга кўра, яраланганлар орасида бир бола – 13 ёшли қиз ҳам бор. У касалхонада, шифокорлар унинг аҳволини ўртача оғир деб баҳоламоқда.

Вилоят ҳарбий бошқармаси раҳбари Россия бомбалари айнан қаерга тушганига аниқлик киритмади, бироқ Запорожьенинг Шевченковский тумани бомбаланганини айтди.

Ушбу ҳудудда, бошқа объектлар қаторида, Украинанинг етакчи мудофаа корхоналаридан бири – вертолётлар ва самолётлар учун двигателлар ишлаб чиқарадиган “Мотор Сич” компанияси жойлашган.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, шунингдек, Россияга босим ўтказишни талаб қилди.

“Шаҳарга ҳаво бомбаларидан кўра шафқатсизроқ нарса йўқ, бу ҳолат оддий фуқаролар жабр кўришини англаган ҳолда қилинган. Бундай урушни фақат куч билан, ишончли тинчлик ўрнатиш билан тугатиш мумкин”, деди Украина раҳбари.

Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинец ҳам ҳужумга жавоб берди. У ўққа тутилишини ҳарбий жиноят деб атади ва халқаро ҳамжамиятни Россияга қарши янги санкциялар жорий этишга ва Украинага мудофаа учун кўпроқ маблағ ажратишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 11 ноябрга ўтар кечаси Россия кучлари Украинанинг қатор ҳудудларига, хусусан, Запорожье ва Николаевга ҳаво зарбалари берганди. Россиянинг Запорожьега тунги ҳужумлари оқибатида бир киши ҳалок бўлганди, яна 21 киши жароҳатланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия бомба Запорожье “Мотор Сич” компанияси Шевченковский тумани ФАБ-500 авиабомбалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг