Запорожье АЭС тўлиқ тўхтатилди

Олам 10458
image

Украинанинг “Энергоатом” миллий атом энергияси ишлаб чиқарувчи компанияси Запорожье АЭС тўлиқ тўхтатилганини эълон қилди.

“Энергоатом” маълумотига кўра, 11 сентябрга ўтар кечаси Запорожье АЭСнинг 6-сонли энергия блоки электр тармоғидан узилган ва ҳозир уни совуқ ҳолатга ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

“Сўнгги уч кун давомида 6-энергоблок Запарожьея АЭСнинг фақат ўз эҳтиёжларини жуда паст қувват даражасида (114 дан 140 МВтгача) қондириб, орол режимида ишлади, чунки АЭСнинг Украина энергетика тизимига уловчи барча алоқа линиялари Россиянинг ўққа тутиши оқибатида зарар кўрди”, дейилади хабарда.

Компаниянинг таъкидлашича, 10 сентябрь куни ЗАЭСнинг ўз эҳтиёжларини электр энергияси билан таъминлаш учун алоқа линияларидан бири қайта тикланганидан сўнг, уни Украина энергетика тизимидан узиш имкони пайдо бўлган.

“Энергетика тизими билан алоқа линиялари қайта шикастланган тақдирда, Запарожье АЭСнинг ўз эҳтиёжлари технологик ресурс ва мавжуд қувват миқдори билан чекланган дизель генераторлари билан таъминланади”, дейилади хабарда.

“Энергоатом” ЗАЭСга қўшимча дизель ёқилғиси партияларини етказиб бериш бўйича барча чораларни кўраётганини таъкидлади.

Олтинчи энергия блок Запорожье АЭСнинг ишлаётган ягона қисми бўлиб турганди.

Маълумот ўрнида, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 299
Рейтинг: 3
t
×