Зангиотадаги омборхонада йирик ёнғин бўлди

Жамият 1538
image

Электр ва газ тармоқларидан нотўғри фойдаланиш, тамаки чекишдаги лоқайдлик оқибатида ёнғинлар келиб чиқиши ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ёнғин хавфсизлиги меъёрларига амал қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. 

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасидан олинган хабарга кўра, кеча, 3 октябрь куни соат 11:26да Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Нурафшон маҳалласи, Охунбобоев кўчасида жойлашган "Квинт" МЧЖга қарашли автомобил салонларига резинали гиламча (полик) ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлган. 

Воқеа жойига еттита ёнғин ўчириш бўлинмаси жалб этилган. Биринчи бўлинма чақирилган манзилга етиб борганда, ишлаб чиқариш цехининг фаолияти тўхтатилган ёрдамчи биноси очиқ аланга билан ёнаётгани маълум бўлган. 

Ёнғин соат 12:05да ўраб олиниб, 13:38да бартараф этилган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғиндан цехнинг 300 квадрат метр майдони сақлаб қолинган. 

Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин оқибатида ишлаб чиқариш цехи ёрдамчи биносининг 150 квадрат метр майдони ёниб зарарланган. 

Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Акбаржон Абдураимов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 23
Рейтинг: 3.1
Будьте в курсе событий!
×
×