“Замин” фонди томонидан Жаҳон болалар кунига бағишланган халқаро форум ўтказилмоқда
Жамият
−
19 Ноябрь 2020
3712Бугун, 19 ноябрь куни БМТ ваколатхонаси ва “Замин” фонди томонидан Жаҳон болалар кунига бағишланган халқаро форум ўтказилмоқда.
БМТнинг ихтисослашган муассасалари “Замин”№ халқаро жамоат Фондининг ҳар йили 20 ноябрда нишонланадиган Жаҳон болалар кунига бағишланган веб-форум ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган
Халқаро веб-форум доирасида “Болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи: пандемия давридаги долзарблик, бардавомлик ва инновациялар” мавзусида COVID-19 пандемияси шароитида сифатли таълимдан фойдаланиш ва уни қамраб олиш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Тадбир иштирокчилари олдига муқобил таълим дастурларини жорий этишнинг долзарблиги ва имкониятларини баҳолаш вазифаси қўйилган.
БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Моҳаммад сессия иштирокчилари олдида нутқ сўзлайди. Форумнинг ялпи мажлисидаги хорижий иштирокчилар қаторида БМТ Бош котибининг ўринбосари Татяна Валовая, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталя Герман ва UNISEF’нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хан ҳам бор.
Тадбир видео-конференция форматида ўтказилмоқда. БМТнинг бошқа институтлари раҳбарлари, хорижий экспертлар, шунингдек халқаро ва минтақавий ташкилотлар, давлат органлари, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, ёшлар тузилмалари ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда.
Форум натижаларига кўра якуний резолюция қабул қилинади.
Маълумот ўрнида, болаларнинг фаровонлигини таъминлаш фаолиятига бағишланган Бутунжаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни 1954 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан эълон қилинган.
1959 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги декларацияни, 1989 йилда эса Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинди. 1990 йилдан бошлаб, Бутунжаҳон болаларни ҳимоя қилиш куни билан бир қаторда ушбу таъсис ҳужжатлар қабул қилинган кун ҳам нишонланади.
Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги энг муҳим шартнома бўлган Конвенция болалар ҳуқуқлари тўпламини, шу жумладан яшаш, соғлиқ, таълим олиш, дам олиш ва бўш вақт ўтказиш, ота-она қарамоғида бўлиш, фикр билдириш ҳамда зўравонлик ва камситишлардан ҳимоя қилиниш ҳуқуқларини ўз ичига олади.
Ушбу муҳим куннинг БМТга аъзо давлатлар томонидан нишонланиши, мулоқот ва фаол ҳаракатлар орқали дунёда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда болалар учун қулай муҳитни ривожлантириш масаласига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш имкониятини беради.
LiveБарчаси