2 млрддан зиёд бола юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида – Зироатхон Мирзиёева
Жамият
−
25 Сентябрь 5818 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси, “Замин” фонди васийлик кенгаши раиси Зироатхон Мирзиёева дунё бўйлаб икки миллиарддан зиёд болалар юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида ёки улардан азият чекаётганини айтди. Бу ҳақда у Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясининг олий даражадаги ҳафталиги доирасида ўтказилган тадбирда сўз очди.
“Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда Зироатхон Мирзиёева юзага келаётган фожиаларнинг олдини олиш учун чора кўриш зарурлигини таъкидлади.
“Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб икки миллиарддан зиёд болалар юқумли бўлмаган касалликлар хавфи остида ёки улардан азият чекмоқда. Бу – сайёрамиз аҳолисининг қарийб учдан бир қисми демакдир. Миллионлаб болалар саратонга қарши курашмоқда. Замонавий тиббиёт ютуқларига қарамай, яшовчанлик даражаси турли минтақаларда кескин фарқ қилади: ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 80 фоиздан юқори бўлса, ривожланаётганларда 30 фоиздан ҳам паст. Бундай тафовут мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат. Бундай фожиаларнинг олдини олиш учун чора кўришимиз зарур”, деган у.
Тадбирда Туркия, Озарбайжон, Ангола, Вьетнам, Гватемала, Сербия биринчи хонимлари, Ливан Бош вазирининг рафиқаси; ЖССТ бош директори, EKOSOS президенти, Sent Jud болалар тадқиқот шифохонаси президенти, Туркия, Ангола, Арманистон, Бангладеш, Мозамбик, Доминикан Республикаси, Нигерия, Қозоғистон, Қатар, Конго, Қирғизистон, Мальта, Мўғулистон, БАА, Перу, Тожикистон, Тимор-Лесте, Тувалу, Чад, Ямайка соғлиқни сақлаш вазирлари, Венгрия, Индонезия, Россия, Танзания соғлиқни сақлаш тузилмалари раҳбарияти, халқаро ташкилотлар, экспертлар ҳамжамияти ва фуқаролик жамияти вакиллари, оғир касалликларга чалинган болалар иштирок этди. Улар орасида “Меҳрли мактаб” мактабининг ёш битирувчиси ва кўнгиллиси Самира Идрисова ўз ҳаёти ҳақида самимий ҳикоя қилиб берди.

Иштирокчилар адолатли, интеграциялашган ва маҳаллий ресурсларга асосланган соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар саратонга чалинган болаларнинг яшовчанлик кўрсаткичини 60 фоизга етказиш борасидаги қатъий интилишларини тасдиқлади. Шунингдек, болаларда саратон касалликларини даволашдаги ютуқларни қўллаб-қувватлаш ва ўроқсимон ҳужайрали анемияга қарши глобал ташаббусни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироатхон Мирзиёева Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори, доктор Тедрос Аданом Гебреисус билан учрашув ўтказганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь