ЗАЭСнинг жисмоний яхлитлигига путур етган – МАГАТЭ

Олам

image

Запорожье АЭСдаги тизимларнинг аксарияти ишлайдиган аҳволда ва вазифасини бажармоқда, бироқ айрим завод биноларининг жисмоний яхлитлиги бузилган. Бу ҳақда БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэль Гросси брифинг чоғида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, МАГАТЭ инспекторларининг асосий хавотири ҳарбий ҳаракатлар натижасида атом электр станцияларининг жисмоний яхлитлиги путур етиши билан боғлиқ.

“Мутахассислар тешикларни кўрди, объектнинг яхлитлиги бир неча бор бузилган. Уларнинг аксарияти ишлаяпти ва иш ҳолатида, лекин кабелларнинг узилиши ва алоҳида бирликларнинг шикастланиши каби талафотлар мавжуд”, дейилади хабарда.

Гроссининг таъкидлашича, ЗАЭС ходимлари ва рус босқинчилари ўртасида “биргаликда ишлаш усули” топилган, бу эса етарли даражада хавфсизликни таъминлайди. Бироқ, станциянинг бундай ишлаши нормал эмас.

МАГАТЭ раҳбари, шунингдек, станцияни электр тармоғидан узиш вақтида дизель генераторлари ишлаётганини, бу эса тизим учун минимал хавфсизлик даражасини таъминлаганини таъкидлади. Ҳозир Запорожье АЭСда иккита энергоблок ишламоқда.

Россия ишғоли, шунингдек, таъминот занжирларининг узилишига олиб келди, бу эса станцияга хизмат кўрсатишни ёмонлаштирди, аммо ишчилар муаммони ҳали ҳам он-лайн ҳал қилишда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

126

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг