Заҳарланган Башар Асад шифохонадан чиқди
Олам
−
03 Октябрь 9705 1 дақиқа
Суриянинг собиқ президенти Башар Асад заҳарланганидан кейин Москва шаҳридаги шифохонадан чиқарилди. Бу ҳақда Сурия инсон ҳуқуқлари кузатув маркази ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.
Маълумотларга кўра, собиқ давлат раҳбарининг укаси Маҳр Асадга Башарни шифохонада кўришга рухсат берилмаган. Бироқ президент ишлари бўйича собиқ бош котиб Мансур Аъзам унинг олдига бемалол кириб-чиқиб юрган.
Манбанинг таъкидлашича, Асадни заҳарлашга уринган шахслар Россия ҳукуматини обрўсизлантиришни кўзлаган – улар бу воқеани Москванинг бўйнига қўймоқчи бўлган.
Қайд этиш жоиз, 2025 йилнинг январида Британиянинг “The Sun” газетаси номаълум шахслар Башар Асадни заҳарлашга уринганини ёзганди. Ўша пайтда Асад Москвага келганидан кейин ўзини ёмон ҳис қилиб, шифокорларга мурожаат қилган. Текширув натижасида унинг организмида заҳар излари топилган, бироқ шифокорлар ҳолатни барқарорлаштиришга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия суди собиқ президент Башар Асадни 2011 йилда Дараа вилоятида намойишларни бостириш билан боғлиқ айбловлар бўйича сиртдан ҳибсга олишга ордер берганди. Қолаверса, Франция ҳам Суриянинг собиқ президенти ва яна олти нафар юқори мартабали собиқ амалдорни ҳибсга олишга ордер берган. Бу 2012 йилда икки журналистнинг ўлимига сабаб бўлган Ҳомсдаги портлаш билан боғлиқ.