“Ютуқларимиз яққол кўриниб турибди”. Эрдўған Ўзбекистон ва Туркия мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилишини айтди

Жамият

image

Ўзбекистон ва Туркия мудофаа саноатида ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған музокаралардан кейин ўтказилган Матбуот анжуманида маълум қилди.

Эрдўған икки давлат ўртасида туризм соҳаси ривожланаётганини, 2021 йилда 270 минг ўзбек Туркияда меҳмон бўлганини таъкидлаган ҳолда мудофаа саноатида ҳам катта салоҳият жамланганига тўхталди.

“Катта салоҳиятга эга бўлган яна бир соҳа, шубҳасиз, мудофаа саноатидир. Аслини олганда, бугун мудофаа саноатидаги битимларни имзоладик ва бу имзолар билан биргаликда мудофаа саноатидаги имкониятларимизни сизлар билан баҳам кўришга тайёрмиз. Туркиянинг бу соҳадаги ютуқлари яққол кўриниб турибди”, деган Президент  Эрдўған.

У шунингдек, транспортдан энергетикагача, соғлиқни сақлашдан таълим ва маданиятгача бўлган кенг кўламдаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинганини таъкидлаган.

“Хусусан, мен ва биродарим Турк-Ўзбекистон университетининг ташкил этилишига катта аҳамият берамиз. Аслини олганда, биз тегишли мутасаддиларга топшириқларни бердик. Эртага улар университет биносини кўришади ва биз тезда ҳаракат қиламиз”, деган Эрдўған матбуот анжуманида.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Туркия қатор соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш учун 9 та ҳужжат имзолагани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Туркия Шавкат Мирзиёев Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг