Юнусободдаги уйдан жасади топилган 5 нафар талаба нимадан ўлгани маълум бўлди

3-саҳифа

image
0:00
0:00
download

Тошкентнинг Юнусобод тумани “Фирдавсий” маҳалласи Инжобод кўчасидаги хонадонда жорий йилнинг 27 февраль куни соат тахминан 20:50 да шу ерда ижара асосида яшаган беш талабанинг мурдаси топилгани хабар қилинганди.

Расмий маълумотларда йигитлар “номаълум моддадан ўткир заҳарланиш” оқибатида вафот этгани таъкидланганди. Бироқ талабалар ўлимининг аниқ сабаби айтилмаганди.

Бош прокуратура Матбуот хизматининг маълум қилишича, талабалар ўлимига ис гази сабаб бўлган.

Таъкидланишича, воқеа жойидан олинган озиқ-овқат маҳсулотлари Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик хизмати томонидан текширишдан ўтказилган. Хонадон эгаси Г.М., вафот этганлар билан бирга ижарада яшаган Н.А., “Бунёдкор-дудбўрон хавфсизлиги” компаниясининг дудбўронлар печка устаси З.Х. батафсил сўроқ қилинган.

Шунингдек, 26 февраль куни соат 22:00 дан 27 февраль куни соат 09:00 оралиғида Инжобод кўчасидаги уйга қандай кучланишда табиий газ юборилгани ва одатий кунда табиий газ кучланишининг миқдори ҳақида “Ҳудудгазпойтахт”дан ҳамда Гидрометеорологик хизматидан шу вақт оралиғида бўлган об-ҳаво маълумотлари олинган.

Республика суд тиббиёт экпертиза илмий-амалий марказининг 15 мартдаги якуний хулосаларига кўра, бешала йигитнинг бари “ис газидан ўткир заҳарланиш натижасидаги ўткир нафас ва юрак қон-томирлари етишмовчилиги” оқибатида вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (одам ўлишига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) аломатлари билан иш очилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура

Баҳолаганлар

3048

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг