Юлия Навальная Россияда “экстремист” деб эълон қилинди
Олам
−
11 Июль
5102Россия Федерацияси Молиявий мониторинг федерал хизмати (Росфинмониторинг) мухолифатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлияни “террорчилар ва экстремистлар” рўйхатига киритди. Бу ҳақда бугун, 11 июль куни маҳаллий интернет нашрлари хабар берди.
Икки кун аввал Юлия Навальная “экстремистик жамият”да иштирок этганликда айблангани маълум бўлди. Россияда у федерал қидирувга берилган. Шу билан бирга, Москванинг Басманний суди уни сиртдан ҳибсга олди. “Интерфакс” хабарига кўра, тергов Юлия Навальнаяни “ҳокимиятни обрўсизлантиришга қаратилган видеороликларни интернетда яратиш ва тарқатиш”да айбламоқда.
Алексей Навальний ва унинг шерикларига қарши “экстремистик жамоа” иши 2021 йил сентябрь ойида очилган. Ҳибсга олинган биринчи шахс Навальнийнинг Уфадаги штаб-квартирасининг собиқ раҳбари Лилия Чанишева бўлди. У тўққиз ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
“Экстремистик жамоа” иши
Алексей Навальний худди шу иш учун 19 йил махсус режимли колонияга ҳукм қилинган. У Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғидаги колонияга кўчирилган ва кейинчалик у ерда вафот этган. Ўлимидан кўп ўтмай, Юлия Навальная эрининг ишини давом эттиришини эълон қилди. Ҳозирда у Россия Федерациясидан ташқарида яшайди.
Худди шу иш бўйича ҳукм Навальнийнинг Томскдаги штаб-квартирасининг собиқ раҳбари Ксения Фадеева ва “Navalny Live” YouTube каналининг собиқ техник директори Даниэль Холоднийга ҳам чиқарилган.
Навальний билан узоқ йиллар бирга ишлаган адвокатлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилган. Вадим Кобзев, Алексей Липцер ва Игор Сергунин тергов изоляторига жойлаштирилди. Россияни тарк этган Олга Михайлова ва Александр Федулов сиртдан ҳибсга олинди.
LiveБарчаси