Юлдуз Усмонова Туркияга 10 000 доллар хайрия қилди
Маданият-санъат
−
10 Февраль 2023
24335Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Туркияда содир бўлган даҳшатли зилзила оқибатида уйлари вайрон бўлган ва оғир аҳволда қолганлар учун 10 000 АҚШ доллари миқдорида хайрия қилди. Бу ҳақда хонанданинг ўзи Instagram’даги саҳифасига видео жойлади.
Юлдуз Усмонова бўлишган видеода у Тошкентдаги “Ziraat” банкига борганини кўриш мумкин. Банк ходими хонанда 10 минг доллар хария қилганини айтиб, ушбу пуллар барча солиқлардан озод қилинган ҳолда тўғридан тўғри Туркия Ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармасига етказилишини маълум қилди.
“Тинчликнинг бадали – закот, садақа, эҳсонимиз бор. Касал болаларга болаларимиз касал бўлмаганда ҳисобини берамиз. Аллоҳнинг олдида жавобгармиз. Ҳаммамизнинг бошимизга ҳар замон келади”, дейди хонанда.
Юлдуз Усмонова ўзи қўл урган хайрли ишни бошқаларга кўрсатмаслиги ҳам мумкинлиги, аммо буни одамлар кўргач, хайрия қилмоқчи бўлганлар сафи яна кенгайишини билдирди.
Маълумки, Юлдуз Усмонова 40 йиллик ижодий фаолиятининг энг кўп даврини Ўзбекистон ва Туркияда ўтказган. 2006 йилда Юлдуз Усмоновага Ўзбекистонда қўйилган тақиқлар ортидан хонанда Туркияга кўчиб ўтди ва ижодини турк тилида нолдан бошлади. У кўплаб янги қўшиқлар ёзди, ўзбек тилидаги машҳур қўшиқларини турк тилига ўгирди ва турк саҳнасини ҳам забт этди, ўнлаб мусиқий альбомлар чиқарди, Сардор Ўртач, Левент Юксал, Яшар, Фотиҳ Эркўч каби хонандалар билан дуэтлар ижро этди. 2016 йилга келиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг Юлдуз Усмонова бутунлай Тошкентга қайтиб келди. Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач, Усмонова ва унинг қизига қўйилган барча тақиқлар олиб ташланди.
LiveБарчаси