Йўлдошев: Соғлиқни сақлаш тизимида айрим раҳбарлар коррупциядан қутилолмаяпти
Жамият
−
25 Декабрь 2019
6474Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Тадбирда Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар оқсаётгани, тизимдаги айрим раҳбарлар бу иллатдан ҳали-бери қутилолмаётганини бу ҳолат аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқат эканини айтиб ўтди.
“Эътибор беринг! Сўнгги икки йилда тизимдаги 581 нафар ходимлар турли жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Ташвишлиси, уларнинг 114 нафари ёки ҳар тўртинчисининг содир қилган қилмиши коррупциявий жиноят ҳисобланади”, дейди Ниғматилла Йўлдошев.
Бу даврда 115 нафар тиббиёт ходимлари бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўйиб, шифокор деган номга доғ туширганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Таъкидланишича, бу ходимлар 50 та ҳолатда беморга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатмаган, 24 та ҳолатда даволаш ишларини нотўғри олиб борган, 13 та ҳолатда жарроҳлик операциясини ўтказмаган ёки нотўғри ўтказган, 7 та ҳолатда касалликни барвақт аниқлаш чорасини кўрмаган.
“Энг ачинарлиси, бундай қилмишлар оқибатида 27 нафар фуқаро оғир ва ўта оғир тан жароҳати олган. Жавобгарликка тортилган ходимларнинг 3 нафари вазирлик ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида, 49 нафари вилоят ҳамда 529 нафари туман-шаҳар миқёсидаги муассасаларда фаолият олиб борган”, деб қўшимча қилди Йўлдошев.
Жиноий жавобгарликка тортилганлар, асосан, Фарғона (91 нафар), Андижон (80), Самарқанд (77), Наманган (44), Қашқадарё (33), Сурхондарё (32) ва Хоразм (32) вилоятлари ҳисобига тўғри келади.
Қайд этилишича, туман ва шаҳар шифохоналарида 306 та янги ихтисослашган бўлимлар, 1200 та тез ёрдам шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Тез ёрдам бригадалари сони 818 тадан 1666 тага ёки икки баробарга кўпайтирилди, 1500 дан ортиқ “тез ёрдам” машиналари харид қилинди.
LiveБарчаси