Йўлдошев кетмади, кетказилмади. У ҳақида нималар маълум?
Таҳлил
−
21 Июнь
34985Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев лавозимга қайта тайинланди. У 2019 йилдан буён Ўзбекистон Бош прокурори ҳамда Ўзбекистон миллий кураш федерацияси президенти вазифасида ишлаб келаётганди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Бош прокурорнинг ваколат муддати 5 йилни ташкил қилади. Ниғматилла Йўлдошевнинг ваколат муддати тугаганлиги сабабли Бош прокурор лавозимини кўриб чиқиш масаласи Сенатда муҳокама қилиниб, у лавозимга қайта тайинланди. Хўш, Ўзбекистоннинг 5 йилдан буён Бош прокурори сифатида ишлаб келаётган Ниғматилла Йўлдошев ҳақида нималар маълум?
Бош прокуратурагача бўлган йўл
Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев 1962 йил 5 ноябрь куни Тошкентда туғилган. 23 ёшида Тошкент давлат университетининг юриспруденция факультетини тамомлаган. 1987 йилдан 2011 йилгача прокуратура тизимида фаолият юритган.
1987-1991 йилларда – Олмалиқ прокуратураси катта терговчиси;
1991-1993 йилларда – Тошкент шаҳар Юнусобод тумани терговчиси;
1993-1994 йилларда – Тошкент шаҳар прокуратураси катта терговчиси;
1994-1999 йилларда – Ўзбекистон Бош прокуратурасида бошқарма бошлиғи;
1999-2000 йилларда – Бош прокуратура Тергов бош бошқармаси бошлиғи;
2000-2003 йилларда – Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш инспекцияси бошлиғи;
2003-2006 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг прокуратура идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори;
2006-2008 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи;
2008-2011 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
2011 йилда Адлия вазири лавозимига тайинланган ва 2015 йилгача шу лавозимда фаолият юритган. 2015 йил 22 январдан 2019 йил 20 июнгача Бош прокурорликка тайинлангунча Сенатга раислик қилган. 2019 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Бош прокурор этиб тайинланди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, 2016 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Конституцияга кўра, Олий Мажлис палаталарининг қарори билан Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. 8 сентябрь куни Президент ваколатларини бажариш масъулиятини вақтинчалик Бош вазир Шавкат Мирзиёевга топширишини эълон қилди.
Бош прокуратурадаги фаолияти
Ниғматилла Йўлдошев Сенат Раиси сифатида фаолият юритган вақтида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларига очиқлиги билан эсда қолган эди. Бош прокурорлик лавозимида ҳам ахборот алмашишда очиқлик сиёсатини давом эттирди. Аммо соҳадаги муаммо ва камчиликлар ҳали тўлиқ бартараф этилмади.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда прокуратура ходимлари пора билан қўлга тушгани, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этгани ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келяпмиз.
Хусусан, 2021 йилда Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари 29 минг АҚШ доллари пора билан қўлга тушгани, Когон туман прокурори 100 минг доллар пора билан ушлангани ушбу орган фаолияти учун шармандали воқеа бўлди.
Ундан ташқари, Бош прокурор Йўлдошевнинг апрель ойида Туркиядаги дам олиш масканларидан бирида 2 нафар қидирувдаги шахс билан гаплашиб тургани ҳақидаги видеотасвирлар тарқалди. Кейинроқ, Бош прокуратура воқеага расмий муносабат билдириб, видеода акс этган инсонлар қидирувдаги шахслар эмаслигини маълум қилди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон ҳудудида Конституция ва қонунлар ижросини назорат этувчи органлар тизими ҳисобланади. Мустақил Ўзбекистон тарихида 6 нафар Бош прокурор фаолият юритган бўлиб, улар қуйидаги йилларда амал курсида ўтирган:
1992-1998 – Бўритош Мустафоев;
1998-2000 – Усмон Худойқулов;
2000-2015 – Рашид Қодиров;
2015-2018 – Ихтиёр Абдуллаев;
2018-2019 – Отабек Муродов;
2019 йилдан – Ниғматилла Йўлдошев.
Собиқ бош прокурорларнинг 2 нафари ҳозирда қамоқда сақланади. Яна бир собиқ бош прокурор Рашид Қодиров эса 2018 йилда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2022 йилда Қодиров шартли равишда озодликка чиқарилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь