Одамлар 2023 йилдан розими?
Жамият
−
28 Декабрь 2023
8770Умримизнинг яна бир йили ўтиб боряпти. Бу йил ҳам инсонлар ҳаётида қай бир маънода ўзгаришлар ясади. Кимдир ўқишга кирди, кимдир турмуш қурди, кимдир фарзандли бўлди... Ҳўш, Ўзбекистон аҳолиси ортда қолаётган йилни нималар билан эслайди? QALAMPIR.UZ шундай савол билан одамларга юзланди.
Респондентларнинг кўпи бу йил уларнинг ҳаётига янги меҳмон, яъни фарзанд ё набира кириб келгани ёки янги ишга жойлашгани билан эсда қолганини билдирди.
Шунингдек, ёшларнинг кўпи ушбу йилда ўқишга киргани, янги тил ўрганишни бошлаганини ёки халқаро сертификатни қўлга киритгани йилнинг энг муҳим воқеаси, деб ҳисоблайди. Хусусан, сўровнома иштирокчиларидан бири набирасининг таълим соҳасида эришган ютуқларини фахр билан эслади.
“Набирам ментал арифметика бўйича беллашувнинг Ўзбекистон босқичида ғолиб бўлди. Дубайда бўлиб ўтган Халқаро турнирда ҳам совринли ўринни олиб келди”, деди у.
Бошқа респондентлар эса 2023 йилнинг энг эсда қоларли воқеалари сифатида Умра зиёратига боргани, ҳақиқий дўстини учратгани ёки янги уй сотиб олгани эслади.
Аммо ўтиб бораётган йил ҳамма учун ҳам қувончли ва омадли бўлмади. Одамлар орасида бу йилда ишини ёки яқинларини йўқотганлар ҳам бор.
“2023 йил мен учун энг оғири бўлди. Кўп нарсани ёқотдим. Масалан, онамни”, дейди иштирокчилардан бири.
Шунингдек, 2023 йилда Ўзбекистонда содир бўлган ўзгаришлар ҳақида берилган саволга жавобан респондентларнинг кўпи Президент сайлови ва янги конституция учун бўлиб ўтган референдумни эслади. Бундан ташқари, жамоат транспортларининг сони ортгани, тўлов контракт нархларининг арзонлашгани ва олий таълим учун квоталарнинг кўпайгани ҳам муҳим ўзгариш сифатида қайд этилди.
Иштирокчилар орасида ушбу йилда газ ва электр кўпайди, деб ҳисоблайдиганлар ҳам топилди. Яна бир ёш респондент эса ушбу йилда “сохта” одамларга кўп дуч келганидан шикоят қилди.
“2023 йилда сохта одамлар кўпайиб кетди. 2024 йилга шундай одамларсиз ўтамиз, деган умиддаман.”, дейди у.
Сўровномада иштирок этган аҳоли вакиллари кириб келаётган 2024 йилдан бу йилдан-да кўпроқ натижалар кутмоқда. Хусусан, йигитларнинг кўпи янги йилда оила қуриш ва фарзанд кўришни режалаштиряпти. Шунингдек, 2024 йилда қонун амалётида янги ислоҳотлар бўлишини кутаётганлар ҳам бор.
“Қарор чиқиб, амалда бажарилишини, “пастки поғона”га – қишлоқларгача етиб боришини истардим”, деди аҳоли вакили.
Сиз-чи? Ҳаётингизда 2023 йилда қандай муҳим воқеа содир бўлди? Изоҳларда ёзиб қолдиринг. Келаётган йилда ҳам QALAMPIR.UZ`ни кузатишда давом этинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь