ЙПХ ходимига қаршилик қилган “тадбиркор-блогер” қамалди
Жамият
−
16 Апрель 2020
8448Самарқанд шаҳрида ўзини тадбиркор ва блогер деб таништирган шахс Йўл-патруль хизмати ходимининг ўз вазифасини бажаришга ҳалал бергани учун 15 суткага қамалди. Бу ҳақда ЙҲХББ Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 15 апрел куни соат 10:00 ларда Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Маҳмуд Кошғарий кўчалари кесишмасида хизмат олиб бораётган ЙҲХБ ходимлари ҳамда соҳавий хизмат вакиллари томонидан 30 D 409 РА давлат рақам белгили Nexia русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, ҳайдовчининг ҳужжатлари сўралганда, автомашинанинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчи ўзига тегишли бўлган қўл телефонида “Мен фалон жойда директорман, блогерман”, деб ЙПХ ходимининг хизмат вазифасини олиб боришга ҳалақит берган.
Йўловчи видео тасвирга олишни давом эттириб, “ҳали керакли жойда жавоб берасанлар, мен сенлар билан судда гаплашаман”, деб ходимларга қўпол муносабатда бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан карантин қоидаларини бузган транспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.
Ходимларнинг хизмат вазифасини бажаришга фаол қаршилик кўрсатган, ҳақорот қилган йўловчига нисбатан барча ҳужжатлар тўпланиб, Самарқанд шаҳар Маъмурий судига жўнатилган.
Ўзини “тадбиркор ва блогерман” деб таништирган ушбу шахсга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисми, 195-моддаларига асосан Суд томонидан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.