ЙПХ ходими ўқитувчини ҳақорат қилди, йиқитди ва мажбурлаб машинага ўтқизди

Жамият 7107
image

YouTube’да йўл-патруль хизмати ходими ва фуқаро ўртасида содир бўлган воқеа тасвирланган видео тарқалди. Унда шахси номаълум бўлган йўл-матруль хизмати ходими фуқарога зўравонлик қилиб, уни мажбурлаб, хизмат автомобилига ўтқизганини кўриш мумкин. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси расмий баёнот берди. 

Қайд этилишича, ушбу ҳолат Фарғона вилояти Фарғона тумани ҳудудидаги ҳарбий полигонда жорий йилнинг 11 январь куни содир бўлган. 

“14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлаётганлиги сабабли “Фарғона-Чимён” йўли ЙПХ ходимлари томонидан ёпилган вақтида, Фарғона тумани Оқбилол қишлоғидаги 22-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларини полигондаги тадбирга ўқитувчилар ҳамроҳлигида автобусда олиб келинган. Шу ҳудудда хизмат олиб бораётган Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори И.Одилов мактаб ўқитувчиларига тадбир сабабли йўл ёпилганлигини, раҳбарлардан рухсат сўраш кераклигини айтган вақтида, ўқитувчи: “менда рухсатнома бор, ўтишим керак” деб, инспекторга қўпол муомила қилган ва инспектор билан мактаб ўқитувчиси ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Бирламчи маълумотга кўра, мактаб ўқитувчиси ЙПХ ходимини ҳақорат қилгани учун ходим уни ерга йиқитиб, патруль автомобилига ўтқизмоқчи бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан назоратга олиниб, айни пайтда хизмат текшируви олиб борилмоқда. Қисқа фурсатларда ушбу ҳолат бўйича батафсил маълумот берамиз”, дейилади расмий баёнотда.

Қайд этиш лозимки, ушбу видеонинг овози ўчирилмаган талқинида ЙПХ ходими ўқитувчини ҳақорат қилаётгани эшитилади. 

QALAMPIR.UZ мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, мазкур ҳолат алоҳида назоратга олинган ва суриштирув ишлари бошланган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 273
Рейтинг: 3
Теглар
t
×