ЙПХ автомобили билан тўқнашган Lacetti ҳайдовчиси вафот этди
Жамият
−
11 Август 2022
15671Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида йўл-патруль хизмати автомобили билан тўқнашган Lacetti ҳайдовчиси вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа кеча, 10 август куни соат тахминан 10:30 да Элликқалъа тумани ҳудудидан ўтувчи 4H-155 “Бостан-Сарабий” автомобиль йўлида содир бўлган.
Мазкур йўлнинг 10-километрида ҳаракатланиб келаётган, 45 ёшли З.Ю. (автотранспорт бошқариш ҳуқуқига эга эмас) бошқарувида бўлган Lacetti автомобили қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва 41 ёшли ЙПХ ходими Н.А.га бириктирилган Nexia-3 русумли хизмат автомобили билан тўқнашган.
Оқибатда Lacetti ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган. ЙПХ ходими эса тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Хабарга кўра, мазкур ЙТҲ юзасидан Элликқалъа тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.