Йилнинг энг яхши мамлакати эълон қилинди

Олам

image

11 йилдан бери “Йил мамлакати” мукофотини топшириб келадиган “The Economist” журнали 2023 йилда Грецияни ғолиб деб эълон қилди. Таҳририят қарори йил давомида қайси давлатда яхшироқ ўзгаришлар бўлганига асосланади.

Қайд этилишича, бундан 10 йил аввал Греция иқтисодий инқироздан қаттиқ жабр кўрган, “Уолл-стритда кулгига айланган” ҳамда ўта ўнг ва ўта чап партиялар ҳокимият учун курашган пайтда сиёсий беқарорлик даврини бошидан кечирган. 

Бироқ 2023 йилда Греция “The Economist” журналининг энг яхши иқтисодий кўрсаткичларга эга 35 бой давлат рейтингида кетма-кет иккинчи марта биринчи ўринни эгаллаган. Шу билан бирга, 2023 йил июнь ойида ҳукмрон “Янги демократия” партияси Кириакос Мицотакис ҳукумати “оғриқли ислоҳотлар”ни амалга оширишга мажбур бўлганига қарамай, аввалги натижасини яхшилаган ҳолда яна сайловларда ғалаба қозонган.

“Унинг ташқи сиёсати табиатан америкапараст ва европапараст бўлиб, Россияга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиши билан ажралиб туради. Греция ўз мисолида шуни кўрсатдики, ҳалокат ёқасида туриб, қаттиқ, лекин оқилона иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, ижтимоий шартномани тиклаш, ватанпарварлик туйғусини намоён этиш ва сайловларда ғалаба қозониш мумкин. 2024 йилда дунёнинг ярмида сайловлар ўтказилишини ҳисобга олсак, барча демократлар бу ҳолатга эътибор қаратишлари керак”, деб ёзади нашр.

“The Economist” 2023 йилда "автократик қўшниларининг тажовузкор хатти-ҳаракатларига" қаршилик кўрсатиши керак бўлган бошқа мамлакатлар ҳам халқаро эътирофга лойиқ эканлигини таъкидлайди. Украина бу рўйхатда биринчи ўринда туради.

"Украинада ҳаёт яхшиланди деб айтиш мумкин эмас, лекин мамлакат Ғарбдаги иттифоқчиларнинг суст қўллаб-қувватлашига қарамай, Путиннинг уруш машинасига қарши мардонавор курашни давом эттирди. Молдова Россиянинг уни қўрқитиш уринишларига қаршилик кўрсатди. Финляндия НАТОга қўшилди ва тез орада Швеция ҳам унга эргашади", дейилади мақолада.

Шунингдек, нашр Бразилия ва Польшада иккала давлат ҳукуматлари алмашганидан кейин вазият нормаллашганига ҳам эътибор қаратади.

"Октябрь ойида польшалик сайловчилар "Қонун ва адолат" партиясидан юз ўгириб, бир қанча мухолиф партияларни танлади. Фахрий марказчи Дональд Туск бошчилигидаги янги коалиция ҳукумати эндигина иш бошлаяпти, аммо “Қонун ва адолат” демократик институтларига етказилган зарарни бартараф этишда муваффақият қозонса, Польша келаси йили бизнинг мукофотимиз учун кучли даъвогар бўлади", деб таъкидлайди журнал.


Мақола муаллифи

Теглар

Греция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг