Йил якунига қадар пенсиялар миқдори қанчага ошиши айтилди
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
16413Жорий йил якунигача пенсиялар миқдори жами 14 фоизга оширилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида шу ва шу каби бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, ЎзЛиДеП фракциясининг бу йиғилишида айрим қонунлар, хусусан, ногиронлиги бўлганларнинг ижара муносабатларидаги ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш ҳамда пенсияларни тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш бўйича тегишли қонун лойиҳалари муҳокама қилинган.
Лойиҳа билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритилмоқда. Унда ҳар йили давлат пенсиялари миқдорини инфляция даражасида қайта ҳисоблаш, ошириб бориш тизимини жорий этиш режалаштирилган. Яъни 2023 йил якунига қадар пенсиялар миқдорини инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда, жами 14 фоизга ошириш белгиланган.
Шунингдек, фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йилдан пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойгача узайтирилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланиб, маъқулланган.
Эслатиб ўтамиз, 1 майдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 000 сўм этиб белгилангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилганди.
Бундан ташқари 1 августдан иш стажига эга бўлмаган кексаларга бериладиган нафақа миқдори, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳамда ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларни парвариш қилувчилар нафақаси 568 минг сўмга оширилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь