1 августдан иш стажига эга бўлмаганларнинг нафақа миқдори қанчага ошиши маълум бўлди
Жамият
−
29 Июль 2023
41292Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 август кунидан иш стажига эга бўлмаган фуқароларнинг нафақа миқдори 535 минг сўмдан 568 минг сўмга оширилади. Бу ҳақда Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-каналида маълум қилинди.
Унга кўра, кеча, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 августдан:
• зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм (олдин – 535 000 сўм эди);
• иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 568 000 сўм;
• ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм;
• боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилияциз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 198 000 сўм этиб белгиланади.
Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 568 000 сўм этиб белгиланиб, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Эслатиб ўтамиз, 1 майдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 000 сўм этиб белгилангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилганди.
LiveБарчаси