“Йил отаси”. Австриялик эркак 14 ёшли ўғлини ўғриликка ёллаб, судда уни сотди
Олам
−
21 Сентябрь
5882Австриялик эркак 14 ёшли ўғли ва энг яқин дўстини қуролли ўғирлик қилишга ундаган. Фарзанди қўлга тушгач ота судда ҳамма айбни болаларининг ўзига тўнкамоқчи бўлган. Бу ҳақда “Kronen Zeitung” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Австрияда 34 ёшли эркак Вена вилоят судининг 1-суд залида 14 ёшли ўғли ва унинг 17 ёшли энг яқин дўстини бир қатор ўғирликларда айблаган. Отанинг бу ҳаракатларидан судья ва ҳакамлар ҳайъати ҳайратга тушган.
Маълум бўлишича, эркак ҳамма жиноятни ўзи уюштирган ва уларда ҳайдовчи сифатида иштирок этган. Унинг ишлаш услуби ҳар сафар деярли бир хил бўлган – икки вояга етмаган бола тамаки дўконлари ва ёқилғи қуйиш шохобчаларига ниқоб кийиб олган ҳолда, пичоқлар ёки ўқсиз тўппонча билан юборилган. Ота эса ташқарида қочиш учун машина рулида кутиб турган. Улар қўлга тушгунга қадар еттита ўғирлик қилишга улгурган. Якунда эркак жавобгарликни ўз зиммасига олиш ўрнига, болалар уни ўғирликка ундаганини даъво қилган.
“Биринчи судланувчи икки боладан ўғирлик учун фойдаланмаган. Аксинча бўлган. Болалар уни ўғирликка кўндирган”, дейди отанинг адвокати судда.
Бироқ, ўғли судда гувоҳлик беришдан олдин, у ўз фикрини ўзгартирган ва ўғирлик учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Қайд этилишича, ота саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Яқинда 15 ёшга тўлган ўғли эса уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган. Унинг 17 ёшли дўсти икки ярим йил қамоқ жазоси олган.
LiveБарчаси