Йил охиригача дунёни 5 та фильм премьераси кутмоқда. Улардан бири Украинага намойиш этилади

Маданият-санъат

image

2022 йилнинг биринчи ярми ортда қолган бўлса-да, йил охирига қадар кино ихлосмандларини қатор сара кинофильм премьералари кутиб турибди. Киноихлосмандлар орасида қизиқиш ва эътиборни ўзига ҳозирданоқ қаратаётган бир нечта фильмлар рўйхатини эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Аватар: сув йўли” (Аватар – 2)

Жаҳон киноси энг машҳур картиналари қаторида номи тилга олинувчи “Терминатор” ва “Титаник” фильмларининг режиссёри Жеймс Кемерон 2009 йилда ўзининг навбатдаги “Аватар” номли фильми премьерасини ўтказган эди. Фильм мувваффақиятларидан илҳомланган режиссёр “Аватар”нинг навбатдаги қисмлари устида ҳам иш бошлади. 2017 йилда Манхаттан-Бичда дастлабки суратга олиш жараёнларига старт берилган бўлса,  Covid-19 пандемияси сабаб юзага келган танаффуслар билан 2020 йилда суратга олиш жараёнлари ўз поёнига етди. Албатта, “Аватар” каби компьютер графикасига асосланган фильмни монтаж жараёнлари ҳам катта вақт олади. Премьера 2022 йилнинг дакабр ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

“20th Century Studios” навбатдаги қисмнинг сюжети ҳақида ҳам эксклюзив маълумотларни ошкор этган. Унга кўра, “Аватар”нинг иккинчи қисмидаги воқеалар биринчи фильмдаги воқеалардан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтиб содир бўлади. “Аватар: сув йўли” фильми Салли оиласи, омон қолиш йўлидаги жанглар ва улар бошдан кечирган фожиалари ҳақида ҳикоя қилади.

Янги фильм бюжети биринчи фильмдан бироз кўпроқ, яъни 250 миллион долларни ташкил этган.
 
“Қора Пантера: абадий Ваканда”

2018 йилда премьера қилинган ва 1 млрд доллардан зиёдроқ даромад келтирган “Қора Пантера” фильмининг навбатдаги қисми ҳам 2022 йилнинг энг кутилган фильмларидан бири бўлиб қолмоқда. “Marvel Studios” ва “Walt Disney Studios Motion Pictures” ҳамкорлигида суратга олинаётган ушбу фильм режиссёри Райан Куглер. У ўзбек томошабинларига таниш бўлган “Крид” фильмига ҳам режиссёрлик қилган эди.

Маълумот ўрнида 2018 йилда намойиш этилган “Қора Пантера” фильмида бош қаҳрамон ролини ижро этган Чедвик Боузман бундан икки йил аввал вафот этган. Эҳтимол шу сабабли Қора Пантеранинг навбатдаги қисмида бош ролларни актрисалар Лупита Нионго, Данай Гурира, Мартин Фримен ижро этган.

“Қора Пантера: абадий Ваканда” фильми премьераси 2022 йил 11 ноябрга режалаштирилган.

“Ой гули қотиллари”

Ўзбек кино ихлосмандларига “Лаънатланган орол”, “Комедия қироли”, “Авиатор” ва “Ирландиялик” каби фильмлари билан яхши таниш бўлган режиссёр Мартин Скорсезениг янги фильмида бош ролларни Роберт Де Ниро ва Леонардо Ди Каприолар ижро этади. Қайд этиш жоиз, актёр Роберт Де Ниро олтинчи, Леонардо Ди Каприо эса  ўнинчи маротаба режиссёр Мартин Скорсезенинг фильмида роль ижро этмоқда.

“Paramount Pictures” ва “Apple TV+” ҳамкорлигида яратилган фильмнинг умумий бюджети ҳозирда 225 миллион долларни ташкил этмоқда.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, фильм сюжети 1920 йилда Нефть захирасини кашф этилиши ортидан бойиб кетган, сўнгра фожиа қурбони бўлган “Осейджей” ҳиндулар қабиласига қотилликларни фош этиш учун юборилган Федерал қидирув бюроси ходимлари ҳақида ҳикоя қилади.

Маълумотларга кўра, фильм премьераси 2022 йилнинг ноябрь ойларига режалаштирилган.

“Шазам – 2”

2019 йилда “NL Cinema”, “DC Films” ва “Warner Bros.” ва каби компаниялар ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган суперқаҳрамонлар ҳақида ҳикоя қилувчи фильмнинг янги қисми. Шазам роли ижрочиси Закари Ливай ўзбек томошабинларига 2009 йилда ишланган “Элвин ва Бурундуқлар” фильми орқали яхши таниш. Аслида “Шазам-2” фильми аввалроқ экранларга чиқиши керак эди. Аммо Covid-19 пандемияси ушбу фильмнинг суратга олиш жараёнлари ортга сурилишига сабаб бўлди. 

Фильм АҚШнинг Жоржиния штатида ва Канаданинг Торонто шаҳрида суратга олинган. “Шазам-2”нинг жаҳон премьераси шу йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтиши белгиланган.

“Қора Адам”

“NL Cinema” ва “DC Films” ҳамкорлигидаги яна бир суперқаҳрамонлар ҳақида ҳикоя қилувчи фильм. Ўзбекистонда “Ҳаво маршали” ва “Номаълум” номли фильмлари оммалашган режиссёр Жауме Кольет-Серра томонидан суратга олинган “Қора Адам” номли кинофильмда бош қаҳрамон Тет Адам образини Дуэйн Жонсон ижро этган. Аслида Тед Адам 2019 йилда суратга олинган Шазам фильмида Шазамнинг рақиби ролини ижро этиши керак эди. Аммо, кейинроқ ижодкорлар Тед Адам ҳақида алоҳида фильм суратга олишга қарор қилишади. “Қора Адам” фильмида 5000 йил умрини қамоқда ўтказган антиқаҳрамон ўз кучини худди шундай исмли сеҳргар билан баҳам кўради.

Ушбу кинофильм премьераси 2022 йил 20 октябрь куни Украинада, 21 октябрь куни эса АҚШда бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

336

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг