Европанинг қатор мамлакатларида чекловларни олиб ташлаш бошланди
Олам
−
27 Апрель 2020
6040Бугун, 27 апрелдан бошлаб Европанинг бир қатор давлатларида коронавируснинг тарқалиши муносабати билан киритилган чеклов чоралари юмшатилди. Ҳозирда қуйидаги давлатларда босқичма-босқич карантинни бекор қилиш дастурлари амалга оширилмоқда.
Дастлаб Чехияда энг муҳим чекловлар олиб ташланди. 24 апрелдан бошлаб ҳукумат фуқароларга чет элга чиқишга, уй ташқарисида эркин юришига рухсат берди. Карантинни юмшатиш режасига мувофиқ, 27 апрель куни савдо майдони 2,5 минг квадрат метргача бўлган дўконлар, хизмат кўрсатиш корхоналари, фитнес марказлари, кутубхоналар ва ҳайвонот боғлари очилишига рухсат берилди.
Хорватияда 27 апрелдан бошлаб мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётини босқичма-босқич тиклаш режаси амалда қўлланила бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг уч босқичли режасига кўра, биринчи бўлиб дўконлар очилиши керак. Ундан кейин май-июнь ойларида шаҳарлараро ва халқаро транспортлар аста-секин ишга туширилиб, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари, спорт ва маданий марказлар иш бошлайди.
Швейцарияда коронавирус билан боғлиқ тақиқларни олиб ташлаш уч босқичда амалга оширилади. Улардан биринчиси, 27 апрелдан бошлаб умумий тиббиёт муассасалар, стоматология, гўзаллик салонлари, массаж салонлари, автоулов ювиш ва маиший буюмлар дўконлари очилади.
Грецияда коронавирус туфайли чекловларни босқичма-босқич олиб ташлаш 63 кунни ташкил этади ва пандемиянинг ривожланишига қараб режа қайта кўриб чиқилади. Бош вазир Криакос Мицотакис тафсилотларни ҳафта бошида телевизион мурожаатида эълон қилиши кутилмоқда. 27 апрелдан бошлаб баъзи давлат хизматлари ишлай бошлайди. Ипотека кассалари ва судлар тўлиқ иш фаолиятини тиклайди.
Грузия ҳукумати ҳам 27 апрелдан бошлаб чекловларни олиб ташлашни режалаштирмоқда. Хусусан, автоуловлар ва таксиларнинг ҳаракатига чекловлар олиб ташланди. Онлайн савдо, ҳар қандай маҳсулотни етказиб бериш хизматлари ва очиқ қишлоқ хўжалиги бозорлари очилишига рухсат берилди.
Испаниядаги чеклов чоралари Европадаги энг қаттиқ чоралардан биридир. Аҳоли фақат алоҳида ҳолатларда, яъни озиқ-овқат, дори-дармон сотиб олиш, тиббий эҳтиёж учун кўчага чиқиши мумкин. Эндиликда мамлакат аҳолиси ёлғиз ўзи ишлай олмайдиган одамларга ёрдам бериш, ишга бориш, уйнинг яқинида ит билан сайр қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бош вазир Педро Санчес Парламентдан карантинни 9 майга қадар узайтиришни сўраш нияти борлигини маълум қилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан боғлиқ 2 995 636 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 881 561 нафари соғайган, 207 020 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 1 907 055 кишини ташкил қилмоқда.