Европанинг бошқа етакчилари ҳам Путинга қўнғироқ қилишни бошлайди – ОАВ
Олам
−
16 Ноябрь
16234Россия Президенти Владимир Путин ва Германия канцлери Олаф Шольцнинг немис томони ташаббуси билан бўлиб ўтган телефон мулоқотидан сўнг Европанинг бошқа давлат раҳбарлари ҳам Россия етакчисига қўнғироқ қила бошлайди. Бу ҳақда Италиянинг “Corriere della Sera” газетаси хабар берди.
Газета шарҳловчиси Федерико Рампинининг ёзишича, бу Дональд Трампнинг сайланишининг “биринчи халқаро эффекти”.
“Трампнинг инаугурациясига ҳали икки ой вақт бор, бироқ Москва билан муносабатлардаги музларнинг эрий бошлагани аниқ”, деб ёзади шарҳловчи Европада Жо Байден маъмуриятининг босими остида Россия Президенти билан мулоқотга уринишлар тўхтатилганига ишора қилиб.
Қайд этилишича, Ғарб блоки вакилларидан биринчи ташаббус Германия канцлери томонидан кўтарилган, бу “Париж ва Брюсселда ғазабга сабаб бўлган” ва “Варшава, Рига ва Стокгольмни қўрқитган”. Рампини буни Шольцнинг ички сиёсий қийинчиликлари ва Берлиннинг “арзон рус энергиясидан маҳрум бўлганлиги ва Хитойга экспортини сезиларли даражада камайтиргани” сабабли Германиянинг иқтисодий инқирози билан изоҳлайди.
“Шольц шошаётган эди, лекин бошқа раҳбарлар ундан ўрнак олишлари мумкин. Шольц Москва билан мулоқот очди ва бу Франция ва Италияни ҳам ташаббусни ўз қўлига олишга ундаши мумкин”, деб ёзади шарҳловчи.
Россия Президенти Владимир Путин яқинда Валдай ялпи мажлисида сўзлаган нутқида, агар Ғарб етакчиларидан кимдир хоҳласа, улар билан алоқаларни тиклашга тайёрлигини маълум қилган.
“Қайсидир пайтларда Ғарб давлатларининг раҳбарлари деярли ҳар ҳафта менга қўнғироқ қилишди, кейин бирдан тўхтаб қолишди. Хўш, улар хоҳламайди ва керак эмас. Кўриб турганингиздек, биз тирикмиз ва яхшимиз ва ҳеч нарса ёмон эмас, биз ривожланмоқдамиз, олдинга интиляпмиз. Агар улардан кимдир алоқаларни давом эттирмоқчи бўлса, мен ҳар доим айтганман ва яна айтмоқчиман: бизда бунга қарши ҳеч нарса йўқ, марҳамат, биз алоқаларни давом эттирамиз ва муҳокама қиламиз”, деганди Россия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 ноябрь куни Германия канцлери Олаф Шольц ва Россия Президенти Владимир Путин 2022 йил охиридан буён биринчи бор телефон орқали мулоқот қилганди. Суҳбатда улар Россия-Украина урушини муҳокама қилди. Зеленский эса Шольц ва Путин суҳбатини “Пандора қутиси”нинг очилиши деб атади ва бу Россия раҳбарини изоляция қилиш ва Украинадаги урушни “адолатли тинчлик” билан тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказишини айтди.
LiveБарчаси