Путин ва Шольц суҳбати тафсилотлари очиқланди
Олам
−
15 Ноябрь
13140Аввалроқ, Германия канцлери Олаф Шольц ва Россия Президенти Владимир Путин 2022 йил охиридан буён биринчи бор телефон орқали мулоқот қилгани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, Владимир Путин ва Олаф Шольц мулоқотда Россия-Украина урушини муҳокама қилган. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Украинадаги вазият бўйича батафсил ва очиқ фикр алмашилган. Владимир Путин урушга сабаб сифатида НАТОнинг йиллар давомида олиб борган агрессив сиёсатини таъкидлаган. Унга кўра, келажакдаги келишувлар Россиянинг хавфсизлик бўйича манфаатларини ҳисобга олиши, янги ҳудудий реалликларга асосланиши ва урушга сабаб бўлган омилларни бартараф этиши зарур.
“Можорони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш истиқболлари борасида Россия Президенти Москванинг ҳеч қачон музокаралардан бош тортмаганини ва уларни қайта бошлашга очиқ эканини таъкидлади. Россиянинг таклифлари яхши маълум бўлиб, улар, хусусан, июнь ойида Россия Ташқи ишлар вазирлигидаги чиқишда айтиб ўтилган эди”, дейилади Кремль баёнотида.
Владимир Путин ва Олаф Шольц Россия ва Германия ўртасидаги муносабатларни ҳам муҳокама қилган. Россия раҳбари муносабатларнинг барча йўналишларда мисли кўрилмаган даражада ёмонлашганини қайд этган ва буни Германия ҳукуматининг “нодўстона сиёсати” оқибати деб атаган. Шу билан бирга, Москва томони агар Германия томонида қизиқиш бўлса, ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилган. Шунингдек, томонлар Яқин Шарқдаги можарони ҳам муҳокама қилган.
Германия ҳукуматига кўра, Олаф Шольц Россияни Украинадаги қўшинларини олиб чиқишга ва музокараларни бошлашга чақирган. Шунингдек, Шольц Германия Украинани “зарурат туғилганча” қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилган.
LiveБарчаси
Жиззахда қимор ўйнаганлар қўлга олинди.
16 Ноябрь