Газ можароси: Украина “Газпром”дан 3 млрд доллар ундиришга яқинлашди

Олам

image

Россиянинг “Газпром” энергетика компанияси Стокгольм арбитражининг қарорига бўйсуниб Украинанинг “Нафтогаз” давлат компаниясига тахминан 3 млрд доллар тўлашга яқин. “РИА Новости” томонлар ўртасида ўтказилган музокаралар билан таниш манбага асосан шундай маълумот берди.

Қайд этилишича, бу Украина билан тузиладиган келишувларнинг бир қисми бўлиши мумкин. Музокаралар тўлиқ тартибда Минскда давом эттирилади.

“Газпром” музокаралар техник шаклда эмас, юқори даражада ўтаётганини маълум қилди. Учрашувда Россия томонидан шахсан компания раҳбари Алексей Миллер иштирок этяпти.

Европа комиссияси (ЕК) вице-президенти Марош Шефшович Украина, Россия ва ЕК газ бўйича муҳим келишувга эришилганини маълум қилганди. Бироқ келишув Москва ва Киевда тасдиқланиши кераклиги учун унинг тафсилотлари очиқланмади.

Газ можароси

Россия газини Украина орқали транзит қилиб европага етказиб бериш бўйича амалдаги келишув жорий йилнинг охирида якунига етади. “Газпром” Европа қонунлари талабидан келиб чиқиб, янги шартномани Ураинанинг газ янги мустақил оператор билан тузиши керак.

2017 йилнинг декабри ва 2018 йилнинг февралида Стокгольм арбитражи “Газпром” ва “Нафтогаз” баҳси бўйича украин компанияси фойдасига қарор чиқарганди. Арбитраж “Газпром”га Украина томонига 2,56 млрд доллар тўлаб бериш мажбуриятини юклаган.

Россия энергетика компанияси бу қарор бўйича шикоят қилишга уринганда Свеа (Швеция) округ суди апелляцияни қатъий рад қилди.

Жорий йил декабрь ойи бошида “Нафтогаз”нинг ижрочи директори Юрий Витренко расмий Киев шу қарздорликнинг тўланиши эвазига россия газини транзит қилишга тайёрлигини билдирди.

Бу муаммога Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Парижда "Норманд тўртлиги" саммити доирасидаги икки томонлама учрашуви вақтида ҳам тўхталиб ўтилди. Бироқ аниқ ечимга келинмади.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Европа Россия-Украина

Баҳолаганлар

89

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг