Европада янги хавфсизлик архитектураси учун Марказий Осиёга эҳтиёж бор – Сийярто
Олам
−
04 Ноябрь 2023
8285Украинадаги можаро нуқтаи назаридан Европада янги хавфсизлик архитектурасини яратиш учун Туркия ва туркий давлатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг иштироки зарур. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто Қозоғистоннинг “Silk Way” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
ТИВ раҳбари Европа Иттифоқининг Украина ва Россияга нисбатан ҳаракатлари контекстида гапирди. Унинг баҳосига кўра, Европанинг Москва мағлубияти ва Киевнинг ғалабасини кутаётгани амалга ошмади, шунинг учун "Б" режасини тайёрлаш зарур. Бундай режа ўт очишни тўхтатиш, музокаралар, тинчлик битими ва "Европада янги хавфсизлик архитектурасини" яратишни ўз ичига олиши керак.
"Бу [хавфсизлик архитектураси] Украина учун хотиржам бўлиши, Россия учун мақбул бўлиши, шунингдек, Туркия ва туркий дунёни ўз ичига олиши керак. Биз Туркия ва туркий дунёсиз Европада барқарор хавфсизлик архитектураси бўлмайди, деб ишонамиз. Ушбу барқарор стратегияни амалга ошириш учун, Туркия ва туркий давлатларнинг, айниқса Марказий Осиё давлатларининг иштироки зарур”, деган вазир.
Унинг айтишича, Марказий Осиёдаги хавфсизликни ҳисобга олмасдан туриб Европада хавфсизлик таъминланмайди.
“Шунинг учун ҳам ҳамкорлик алоқаларимиз келажакда янада яқинроқ ва мустаҳкам бўлиши керак", дейди Сийярто.
Маълумот учун, 1 ноябрь куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Қозоғистонга ташриф билан келган. 2 ноябрь куни Остонада Бош вазир Алихон Смоилов билан учрашувда у икки давлат ўртасида сиёсий алоқалар яхши ривожлангани, шу боис энди иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳам Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Европага "Б" режа зарурлигини айтганди. Петер Сийярто эса Остонада Туркий Давлатлар Ташкилотидаги мавқедошлари билан учрашувда Венгрия Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприкнинг Европа устунига айланишга тайёр эканини таъкидлаганди.