Венгрия оғир юкни бўйнига олмоқчи
Олам
−
03 Ноябрь 2023
18062Венгрия Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприкнинг Европа устунига айланишга тайёр, у иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда яқин ҳамкорликни давом эттириши керак. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто Остонада Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ)даги мавқедошлари билан учрашувда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Ташқи ишлар вазири дунёнинг янги блокларга бўлиниши, сиёсий ва мафкуравий сабабларга кўра турли минтақалар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг узилиши хавфи ҳақида огоҳлантирди. Унинг фикрича, дунёдаги мураккаб вазият, аксинча, умумий муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро алоқаларни мустаҳкамлашни талаб қилади.
“Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк қуриш керак ва Венгрия бу қурилишда Европа устунига айланишга тайёр”, дейди Сийярто.
Илгари Венгрия ҳукумати ўз мамлакатини Ғарб ва Шарқ компаниялари учрашадиган нуқтага айлантиришни исташини бир неча бор таъкидлаган. Будапештнинг фикрича, Венгрияда хорижий тадбиркорлар учун яратилган сармоявий режим Европа Иттифоқидаги энг қулай режимлардан бири ҳисобланади.
ТДТ мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви ушбу ташкилотнинг Остонадаги саммити бошланишидан олдин бўлиб ўтди. ТДТ 2009 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) сифатида ташкил этилган. У ҳозирги номини 2021 йил ноябрь ойида Истанбулдаги саммитда олди. Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо, Туркманистон ва Венгрия унинг ишида кузатувчи сифатида иштирок этади. Халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси ҳам 2023 йил март ойида Анқарада бўлиб ўтган саммитда кузатувчи сифатида иштирок этган эди.
Венгрия 2018 йилдан бери ташкилотда кузатувчи мақомига эга. ТДТ билан ҳамкорликни бошлаганда Венгрия ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин этник-маданий алоқаларни, шунингдек, XVI асрда Усмонийлар империяси ҳукмронлиги остида бўлган Венгриянинг ривожланишига туркларнинг таъсирини эслади. Бироқ, тарихий алоқалардан ташқари, Венгриянинг ТДТга қизиқиши Туркия ва Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлик қилиш истаги билан изоҳланади. Улар ўртасидаги саноат, банк, транспорт ва бошқа соҳалардаги алоқалар кейинги йилларда жадал суръатлар билан ривожланмоқда.