Тўқаев Венгрияда футбол кўриш учун стадионга борди
Спорт
−
20 Ноябрь
5808Будапештга давлат ташрифи билан борган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳамроҳлигида “Пушкаш Арена Парк” стадионига ташриф буюриб, UEFA Миллатлар лигаси доирасидаги Венгрия – Германия футбол учрашувини томоша қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Миллатлар лигаси “A” гуруҳининг охирги тури доирасида ўтказилган ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Учрашувда голларга 76-дақиқада Феликс Нмеча ва 90+9 дақиқада Доминик Собослаи муаллифлик қилди.
Қайд этиш жоиз, Тўқаевнинг футбол спорт турига меҳри бўлакча. У ўтган йили охирида Ақтўбе Саржансой қишлоғидаги спорт мажмуасига ташрифи чоғида “ҳамелеон” тўпни тепиб гол урганди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил июль ойида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжонда бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти саммитидаги иштирокини бекор қилиб, Туркия терма жамоасининг Европа чемпионатидаги ўйинини кўриш учун Германияга борганди.