Европага Украина бўйича “Б” режа керак – Орбан
Олам
−
03 Ноябрь 2023
6595Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи етакчиларининг Украина билан можарода Россиянинг мағлубияти ва Москвадаги раҳбариятнинг ўзгариши ҳақидаги ҳисоб-китоблари асоссиз эканини, Европа бошқа стратегияга муҳтожлигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 3 ноябрь куни Остонада Туркий давлатлар ташкилоти саммитида сўз очди.
"Улар Украина ғалаба қозонади, Россия эса мағлуб бўлади, шундан сўнг Россияда раҳбарият ўзгаради ва янги раҳбарият билан музокаралар олиб борилади, деб ўйлайди. Бу муваффақиятсиз режа. Бу жуда амбицияли, лекин у ишламайди", дейди Орбан.
Унинг айтишича, Европа Иттифоқида Украинадаги қуролли можаронинг давом этиш кайфияти сақланиб қолмоқда.
“Европа Иттифоқи етакчилари Украинанинг курашни давом эттиришини истайди. Улар Украинани молиялаштириб, қурол-яроғ билан таъминлайди”, дея таъкидлайди Бош вазир.
Шу муносабат билан у Европага Украина бўйича ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини кўзда тутувчи "Б" режа зарурлигини айтган.
"Венгрия бундай режани қўллаб-қувватлайди. Биз Россия ва Украина учун мақбул бўлган янги Европа хавфсизлик архитектурасини қуришга чақирамиз", дейди Орбан.
Бундан ташқари, у Европа хавфсизликнинг янги архитектураси Туркияни ўз ичига олиши ва бу бутун туркий дунёга [ижобий] таъсир кўрсатишига ишонч билдирган.
“Туркиясиз Европада хавфсизлик бўлмайди”, деган Венгрия Бош вазири.
Бундан ташқари, Орбан Шарқ ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш тарафдори эканини билдириб, дунёнинг янги блокларга бўлиниши хатолигини маълум қилган.