Европада аллақачон уруш кетмоқда – Макрон
Олам
−
15 Март
9354Ҳозирда Европада уруш кетмоқда. Бу ҳақда Франция Президенти Эммануэль Макрон “France 2” ва TF1 телеканалларига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Уруш Европа заминида. Страцбург ва Львов ўртасида 1500 км дан камроқ масофа бор. Тасаввур қила оласизми? Бу мамлакатда уруш кетмоқда”, дейди Франция раҳбари.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, агар Россия урушда ғалаба қозонса, Европага ишонч нолга тушади. Шу билан бирга, Президент ўз мамлакати Россия билан уруш ҳолатида эмаслигини, фақат Украинани қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
"Бизнинг ягона мақсадимиз бор: Россия бу урушда ғалаба қозона олмайди ва ғалаба қозонмаслиги керак", деб тушунтирди Франция раҳбари.
Россиядан келаётган “ядровий таҳдид” ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Макрон “французларнинг ядро потенциали хавфсизликни таъминлашини” таъкидлади.
Шу билан бирга, “Le Monde” газетасининг ёзишича, Макрон Елисей саройидаги тадбирлардан бирида “келгуси йил ҳарбийларни Одессага жўнатиши кераклигини” айтган.
Эслатиб ўтамиз, Макрон 26 февраль куни Парижда бўлиб ўтган йиғилишда 20 га яқин Ғарб давлати вакиллари Россия Федерацияси билан можарода Украинани янада қўллаб-қувватлашни муҳокама қилганда, Украинага Ғарб давлатларининг қуруқликдаги кучларини юбориш эҳтимоли мавзуси кўтарилганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, иштирокчилар ушбу мавзу бўйича консенсусга эриша олмаган, аммо келажакда бундай сценарийни ҳам истисно қилиб бўлмайди.
Конференциядан сўнг, иштирокчи мамлакатларнинг аксарият вакиллари Украинага қўшин юборишни режалаштирмаганликларини ва бундан ташқари, Россияга қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этишларига қарши эканини билдирди.
Франция Ташқи ишлар вазири Стефан Сежурненинг 27 февраль куни берган баёнотига кўра, Ғарб ҳарбийларининг Украина ҳудудида бўлиши муайян турдаги ёрдам кўрсатиш, жумладан, ҳудудларни миналардан тозалаш ва украиналик ҳарбий хизматчиларни тайёрлашда талаб қилиниши мумкин, бироқ бу уларнинг можарода иштирок этишини англатмайди.
LiveБарчаси