Европа рус газини рублда олмаса, Москва қандай чора кўради?
Олам
−
28 Март 2022
26766Россияда ҳозир рус гази учун рублда тўлаш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Харидорлар рублда тўлов қилишдан бош тортса, Москва еткази беришни тўхтатади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Етказиб бериш жараёни жуда ва жуда мураккаб. Бу сиз бирор маҳсулот харид қиладиган ва кассада тўловни амалга оширадиган дўкондек эмас, шунинг учун бу етказиб бериш, тўлаш, ҳисобларни юритиш вақт ўтиши билан чўзиладиган жараён. Ҳозир барча усуллар ишлаб чиқилмоқда”, дейди Песков журналистларга.
Унинг таъкидлашича, бу масала идоралар ўртасида, “Газпром” билан муҳокама қилинмоқда.
“Ва кейин аниқ муддат белгиланади”, дея қўшимча қилган Кремль вакили.
Агар Европа рублда тўлашдан бош тортса, Москванинг ҳаракатлари қандай бўлади, деган саволга Песков: “Биз муаммоларни улар мавжуд бўлганда ҳал қиламиз”, деб жавоб қайтарган.
“Биз газни текин етказиб бермаслигимиз аниқ. Буни мутлақ ишонч билан айтиш мумкин. Шундай бўлса-да, бизнинг шароитимизда умумевропа хайрия ишлари билан шуғулланиш деярли мумкин эмас ва мақсадга мувофиқ эмас”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.
Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь