Европа Иттифоқи Ўзбекистонда илк расмий саммитини ўтказади

Жамият

image

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатларининг биринчи расмий саммити 2024 йилнинг иккинчи чорагида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг Марказий Осиё давлатлари ҳамкасблари билан учрашувидан сўнг маълум бўлди.

Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари илк бор Европа Иттифоқининг барча 27 давлати вакиллари билан бир вақтнинг ўзида учрашди. 23 октябрь куни Люксембургда Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгаши йиғилишидан сўнг, ташқи ишлар вазирлари даражасидаги норасмий учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув 2024 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи расмий саммитига тайёргарликнинг бир қисмидир, дейилади йиғилиш якунлари бўйича қўшма коммюникеда.

Европа Иттифоқи “Марказий Осиё мамлакатларига глобал муаммоларни қўшма имкониятларга айлантириш учун ҳамкорликни таклиф қилишга тайёр”, деди Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел, европаликларнинг Марказий Осиё давлатлари билан стратегик ҳамкорликни “янги босқичга кўтариш” истагини таъкидлар экан.  

Унинг сўзларига кўра, Брюссел Ўзбекистондаги ислоҳотларни доимий қўллаб-қувватлашга тайёр.

Йиғилиш иштирокчилари Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича қўшма йўл харитасини қабул қилди. 

Йиғилишда, жумладан, Европа Иттифоқининг Россияга қарши жазо чоралари ва уларни четлаб ўтишга қарши кураш муҳокама қилинди. 

“Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтишнинг олдини олиш муҳимлиги қайд этилди ва иштирокчилар бу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар”, дейилади Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатларининг қўшма баёнотида.

Маълум қилинишича, вазирлар 2024 йилда яна учрашишга келишиб олган. Туркманистон навбатдаги учрашувни ўз мамлакатида ўтказишни таклиф қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Европа Иттифоқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг