Европа Иттифоқи Марказий Осиёга санкция жорий этишни кўриб чиқмоқда
Олам
−
26 Март 2023
19077Европа Иттифоқи Россияга савдо чекловларини четлаб ўтишда ёрдам берадиган Марказий Осиё давлатларига қарши санкциялар жорий қилиши мумкин. Бу ҳақда ҳужжатга таяниб, “The Telegraph” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи раҳбарияти Марказий Осиё мамлакатларига, айниқса, “икки мақсадли” технологияларга эга бўлган маҳсулотлар соҳасида экспорт ҳажми ўсаётганини маълум қилган.
“Товарларнинг кўпчилигида ҳарбий ва фуқаролик мақсадларида қўлланиладиган “икки мақсадли” технологиялар мавжуд бўлиб, улар Россияга экспорт қилиниши тақиқланган товарлар рўйхатига киритилган”, деб ёзади газета.
Манбага кўра, Европа Иттифоқидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон каби давлатларга экспорт қилинадиган товарлар орасида асосан кир ювиш машиналари, эски автомобиллар ва фотоаппаратлар бор. Европа расмийлари ушбу технологиялар савдо чекловларини четлаб ўтиб, Россияга кириб бораётганидан хавотирда.
“Кўплаб товарлар демонтаж қилинмоқда, яримўтказгичлар ва бошқа компонентлар Украинада шикастланган Россия танклари, бронетранспортёрлари ва разведкачи дронларини тиклаш учун фойдаланилмоқда, деган хавотир бор”, дейилади мақолада.
Манбада айтилишича, Европа Иттифоқи етакчилари марказий осиёликлар билан гаплашиб, санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бериш оқибатлари ҳақида огоҳлантирмоқчи. Агар Евроиттифоқ раҳбарияти Россияга товарларни реэкспорт қилиш далилларини топса, у ҳолда Европа марказий осиёликларга ўз бозорига киришни тақиқлайди.
Шунинг учун ҳам Қозоғистон 1 апрелдан бошлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи (таркибига Россия ҳам киради) давлатлари билан ўзаро савдода товарлар учун жўнатма варақларини мажбурий расмийлаштиришни жорий этишини эълон қилган. ОАВ ушбу янгилик ёрдамида мамлакат Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан қўйилган чекловларга амал қилишини намойиш қилмоқчи эканлигини ёзган.
LiveБарчаси