Европа Эронни Исроилдан қутқаряпти – ОАВ

Олам

image

Бугун, 20 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Эрон ҳамда “Yevrotrio” (Буюк Британия, Франция, Германия) ва Европа Иттифоқи вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу учрашув Исроилнинг ҳарбий операцияси бошланганидан бери Эроннинг Ғарб дипломатлари билан илк марта юзма-юз алоқаси бўлган. Учрашув Эроннинг ядровий ва баллистик дастурлари тақдири юзасидан бўлиб ўтган.

Музокаралар АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроилга ҳарбий ёрдам масаласида қарор қабул қилиш учун икки ҳафталик танаффус олган бир пайтда ўтказилган. Экспертлар ҳисобига кўра, Исроил ҳар куни Эрон билан урушда 200 миллион долларгача йўқотяпти, бу эса уларнинг узоқ давом этувчи ҳарбий кампанияни ёлғиз олиб бориш имкониятини шубҳа остига қўймоқда.

Европа расмийлари бу учрашувни Эронни муроса қилишга ундаш ва уни АҚШ бомбардимонларидан сақлаб қолиш учун ўтказди. “The Washington Post” манбаларига кўра, айни вақтда Эрон ўзининг энг заиф ҳолатидадир ва бу Ғарб учун уни музокараларга қайтаришга ноёб имконият саналади.

“Ядровий муаммони фақат ҳарбий операциялар билан ҳал қилиб бўлмайди. Чунки Эроннинг баъзи объектлари яхши ҳимояланган ва айни пайтда ҳеч ким 60 фоиз бойитилган уран айнан қаерда жойлашганини аниқ билмайди. Бизга назоратни тиклаш учун музокара ва техник назорат керак”, деган Макрон. 

Исроил-Эрон уруши

Жорий йилнинг 13 июнь куни Исроил форс давлатининг турли шаҳарларида ядровий иншоотларга ва Эрон олий ҳарбий раҳбариятининг жойлашувига кенг кўламли зарбалар беришни бошлади. Ҳужумларда Эрон бош штаб бошлиғи, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони, бир қанча юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ва тўққиз нафар эронлик ядро олими ҳалок бўлган. Эронда 13 июнь кунидан бери камида 585 киши ҳалок бўлди, 1300 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Эрон бунга жавобан Исроилга баллистик ракета ҳужуми уюштирди. Расмий маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 24 киши ҳалок бўлган, 500 дан ортиқ киши жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Эрон Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг