Еврокомиссия Украина ва Молдова билан аъзолик бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилди
Олам
−
07 Июнь
3161Европа Комиссияси Иттифоқ аъзоларига Украина ва Молдова билан аъзолик бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилди. Бу ҳақда комиссия матбуот котиби Ана Пизонеро Брюсселдаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Пизонеронинг сўзларига кўра, комиссия иккала давлат ҳам талаб қилинган қадамларни бажарган, деб ҳисоблайди ва аъзо давлатларга бу ҳақдаги барча янгиланган маълумотларни тақдим этган.
“Бугун кун тартибида Молдова ва Украина билан қўшилиш жараёни масаласи бор эди. Биз бу масала аллақачон ҳал бўлганини тушунамиз. Ва биз ҳақиқатдан ҳам буни тасдиқлашимиз мумкин. Энди қарор аъзо давлатлар қўлида", дейди у.
Еврокомиссия фикрича, Киев барча шартларни, шу жумладан Венгрия томонидан илгари сурилган миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ шартларни ҳам бажарган.
Аввалроқ “Politico” манбаларга таяниб, ЕИ давлатлари Украина ва Молдова билан аъзо бўлиш бўйича музокараларни 25 июндан бошлаш ниятида экани, чунки Венгрия 1 июлдан ЕИ кенгашига раислик қилади, деб ёзган эди. Манбаларга кўра, Будапешт Украинанинг қўшилиши бўйича қандай сиёсат юритиши номаълум.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабрь ойида Молдова Президенти Майя Санду фуқаролар республиканинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича ўз фикрларини билдириши учун референдум ўтказиш ташаббусини илгари сурганди.
LiveБарчаси