Етти чақалоқнинг қотили бўлган ҳамширага ҳукм ўқилди
Олам
−
21 Август 2023
15373Аввалроқ британиялик ҳамшира ўзи ишлайдиган туғуруқхонада етти чақалоқни қастдан ўлдиргани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 21 август куни Манчестер суди етти нафар янги туғилган чақалоқни ўлдиришда айбдор деб топилган ҳамшира Люси Летбини афв этиш ёки шартли равишда озод қилиш ҳуқуқисиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Маълум қилинишича, қораловчи томон айбланувчининг ҳаракатларини онгли равишда садизм деб баҳолаб, айнан шундай ҳукм сўраган. Ҳакамлар ҳайъати эса айблов ва далилий ҳужжатлар хулосасидан келиб чиққан ҳолда, мазкур талабни қаноатлантирувчи қарорни қабул қилган. Собиқ ҳамшира Люси Летби ушбу ҳукм эълон қилиниш вақтида суд залида бўлишдан бош тортган.
Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак унинг қурбонларнинг оила аъзолари кўзига қарашдан бош тортганини шармандали қўрқоқлик деб атаб, ҳукумат қонунчиликка ўзгартиришлар киритиши ҳамда маҳкумлар ҳукм вақтида суд залида бўлишини таъминлашига ваъда берган.
Шунингдек, судья Жастис Госс маҳкумга мурожаатини у худди суд залида бўлгандек ўқиб эшиттирган.
“Янги туғилган чақалоқлар ҳаёти бошланган заҳоти тўхтатилди, уларнинг яқинлари ҳаёти эса абадий вайрон бўлди. Бундай қилмиш сабаби фақат сенинг ўзингга маълум”, деган судья Госс.
Айтиш жоиз, Летби Англия ҳуқуқи тарихида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган тўртинчи аёл ҳисобланади.
Маълумот учун, Британия тизимида умрбод қамоқ жазосининг икки тури мавжуд.
Улардан бирига кўра (life sentence) маҳкумни муддатидан олдин озод этиш ҳуқуқи бўлади. Ҳукмни ўқиб эшиттириш чоғидаёқ судья маҳкум апелляция бериш ҳуқуқига эга бўлгунига қадар қанча вақт қамоқда қолиши лозимлигига аниқлик киритади.
Иккинчи жазо тури (life order) оғирлиги ва ижтимоий зарарига кўра фавқулодда жиноят содир этилган тақдирда, асосан серияли қотилликлар учун қўлланилади. Бунда маҳкум муддатидан олдин озодликка чиқиш ва афв этилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, бунга фақат истисно ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин.
Ҳамшира Летби қандай жиноятларда айбдор деб топилган?
2015 йил октябрь ойида янги туғилган чақалоқлар бўлимининг етакчи маслаҳатчиси доктор Стивен Берри биринчи марта Летбининг хатти-ҳаракатларидан хавотирда эканини айтган. Аммо унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган. Шундан сўнг, у яна иккита чақалоқнинг ҳаётига зомин бўлган.
Жабрланувчиларнинг исми суд томонидан ошкор қилинмаган, бироқ қотил "ҳамшира" томонидан беш ўғил ва икки қиз ўлдирилгани маълум.
CNN маълумотларига кўра, Летби полиция томонидан 2018 ва 2019 йилларда ҳам тергов ишлари муносабати билан икки марта ҳибсга олинган ва қайта қўйиб юборилган. У 2020 йил ноябрь ойида яна ҳибсга олинди. Унинг уйи тинтув қилинганида хат чиққан.
“Мен яшашга лойиқ эмасман. Мен уларни қасддан ўлдирдим. Мен даҳшатли, ёвуз одамман”, деб ёзган у хатида.
LiveБарчаси