Етти бош ноёб лочинни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетаётган шахс ушланди

Жамият 5820
image

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан биргаликда Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 7 бош ноёб лочинни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетаётган шахс ушланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрининг чегарадош ҳудудида ҳаракатланаётган шахс тезкор ходимлар томонидан кузатувга олинганини сезиб қолгач, шу ердаги уйлардан бирига қочиб киради ва яширинишга уринади. Мазкур хонадон белгиланган тартибда кўздан кечирилиб, қочишга уринган шахснинг қўлидаги сумка очиб кўрилганида, унинг ичида 7 бош лочин борлиги аниқланган.  


 
“Ноқонуний равишда олиб ўтиш учун атрофдагиларга сездирмаслик мақсадида қушларнинг кўзи, оёқлари боғлаб қўйилган, қанотлари эса скланган. Шунингдек, улар сумкага зич ҳолатда жойлаштирилган бўлиб, бу ҳолатни қушларга нисбатан ваҳшийлик деб изоҳлаш мумкин”, дейилади хабарда. 

Ҳозирда мазкур лочинлар Тошкент ҳайвонот боғида сақланмоқда. Ҳайвонот боғига келтирилган куни уларнинг тўрттаси оғир аҳвода бўлган. Ҳайвонот боғи ветеринарлари томонидан кўрсатилган муолажа ва парваришлардан сўнг уларнинг аҳволи яхшиланган. 
 
Амалдаги тартибларга кўра, лочинларга махсус чип ўрнатилган ва Халқаро реестрга киритилган. 90 кунлик карантин шароитидаги парваришдан сўнг лочинлар яна табиат қўйнига учириб юборилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига “Итолғи” номи билан киритилган ушбу лочинлар, асосан Ғарбий Тянь-Шан ва Ҳисор-Олой тоғ тизмалари ҳамда Қизилқум чўлида учрайди. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда бу каби итолғи лочинлари кескин камайиб, ҳозирда атиги 70 жуфт сақланиб қолгани тахмин қилинади.

Лочинларни ноқонуний равишда олиб чиқишга уринган шахслар уларнинг ҳар бирининг баҳосини ўртача 30 миллион сўмдан эканини таъкидлаган. Ваҳоланки, дунё бўйлаб қора бозорларда лочинларнинг нархи 15 минг АҚШ долларидан 150 минг АҚШ долларигача баҳоланади. Уларнинг қўлга ўргатилганлари эса ҳаттоки бир неча миллион доллар туради. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 198
Рейтинг: 3.1
t
×