Ётоқхонанинг 4-қаватидан йиқилиб, вафот этган ўқувчи планшетини тутиб қолмоқчи бўлган – гувоҳ
Crime
−
14:05 5277 2 minutes
Аввалроқ, Тошкент шаҳрида жойлашган мактаб-интернат тўртинчи қаватидан тушиб кетиб, оғир жароҳат олган ўқувчи 10 кунлик даволанишдан сўнг вафот этгани ҳақида хабар қилинганди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида оғир жароҳат олган ва шифохонада даволаниб келган ўқувчи кеча, 15 сентябрь куни оламдан ўтган. QALAMPIR.UZ мазкур ҳодиса юзасидан масъуллар ва гувоҳларга боғланиб, маълумот олди.
Маълум қилинишича, марҳум Ш. Ж. исмли бола Ал-Беруний номидаги халқаро mактаб-интернати ўқувчиси бўлган. Мактаб масъул ходимининг QALAMPIR.UZ’га билдиришича, таълим ташкилоти биноси ҳали тўлиқ қуриб битказилмагани сабабли унга қабул қилинган ўқувчилар Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати биносида вақтинчалик таҳсил олаётган бўлган. Мазкур мактаб биносига яқин бўлгани учун, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ўқувчилари Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ётоқхонасига жойлаштирилган. Фожиа ҳам айнан шу ётоқхонада содир бўлган.
QALAMPIR.UZ суҳбатлашган, шахсини ошкор қилишни истамаган гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, марҳум ўқувчи ётоқхонанинг 4 қаватида яшаган. У бахтсиз ҳодиса содир бўлган кунда ўз хонасининг дераза қисмига яқин ҳолатда бўлган. Билдирилишича, ўқувчи қўлида ушлаб турган планшет аппаратининг деразадан тушиб кетиш вақтида уни тутиб қолишга интилган. Оқибатда эса ўқувчи пастга тушиб кетган.
Болани шифохонага олиб боришганда, унинг ёнига борган отаси боладан ҳодиса ҳақида сўраган ва Ш. Ж. исмли ўқувчи ҳам отасига планшетни тутиб қолишга урингани оқибатида йиқилиб тушганини айтган. Ҳодисага гувоҳ бўлган бошқалар ҳам марҳум ўқувчи йиқилган жойда планшет қурилмаси бор бўлганини тасдиқлаган.
Қайд этиш жоиз, ушбу маълумотлар ҳали расман тасдиқланмаган.
Маълумот учун, Ал-Беруний номидаги халқаро mактаб-интернати Тошкент шаҳрида янги ташкил этилган давлат таълим муассасаси ҳисобланади. У Президентнинг 2025 йил 15 майдаги 86-сонли Фармони асосида фаолият бошлаган. Мактаб “Иқтидорли болалар дастури” доирасида ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги истеъдодли ёшларни юқори сифатли таълим билан таъминлашга қаратилган. Муассаса 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган.
Live
All