Ёшларни илмсиз қилди оқ олтин, мардикордек эди зиёли гўё – Озода Мирзиёевгача бўлган давр ҳақида куйлади (видео)
Маданият-санъат
−
16 Сентябрь 2021
62591Хонанда Озода Нурсаидова Ўзбекистонда эркинлик даври, янги марраларни кўзлаш палласи келгани, 2016 йилгача бўлган вақтда одамлар тўғри сўзни айтишдан қўрққани, оқ олтин дарди ёшларни илмсиз қилгани, зиёлилар эса мардикорга айлангани ҳақида қўшиқ куйлади. У “Инсон қадри” деб номланган қўшиқ ва унга ишланган видеоклипни ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирган.
Бугунинг қадрини билмоқлик учун,
Эсласак яхшидир ўтган кунларни.
Одамлар рост сўзни айтишдан қўрқиб,
Пана-паналарда юрган йилларни, деб бошланади қўшиқнинг илк сатрлари.
Клипда 2016 йилгача бўлган даврлар акс этган лавҳаларни кўриш мумкин. Озода қўшиқ сатрларида одамларнинг тили қўрқувдан қотгани, эркинлик бўлмаганини урғулайди.
Қўрқувдан қотган бу тилларимизда,
Дадиллик йўқ эди, шиддат йўқ эди.
Ерга сизилмасдан юрганимизда,
Эркинлик аталган қудрат йўқ эди.
Келди юксакларни кўзламоқ даври,
Борини борича сўзламоқ даври.
Бу барча ютуқнинг битта номи бор,
Бу инсон қадридир, бу инсон қадри.
Нурсаидовага кўра, ўша вақтларда “пахта плани”, мажбурий меҳнатга жалб этиш, талабалар, ўқувчилар ва болаларни ҳам далаларга олиб чиқиш, ёшларнинг илмсиз бўлишига олиб келган.
Ёшларни илмсиз қилди оқ олтин,
Мардикордек эди зиёли гўё.
Фарзандлар кўтарди ота гуноҳин,
Мени айбим нима, деёлмай асло.
Шунингдек, Озода бугун ижтимоий тармоқларда урчиган “мусаффо осмон” ҳақидаги кинояли гапларга ҳам тегиниб ўтган.
Тинчликка етгувчи неъмат бўлмайди,
Мусаффо осмон, деб қилманг киноя.
Урушнинг овози тинмаган юртда,
На бахтга чора бор, на дардга чора.
У, шунингдек Мирзиёев Президентлиги даврига қадар ўзи қатори “запрет”да бўлган санъаткорлар дардини ҳам куйга солган.
Саҳнани соғиндик, юраклар ёнар,
Қўшиқлар эскирди, тасмада қолиб.
10 йиллар йиғладик ёлғиз қолганда,
Тош қотган дилларни Худога солиб, сатрлари янграганда, клипда Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомовнинг лавҳаларини кўриш мумкин.
Клипнинг асосий кадрлари Президент Мирзиёевнинг 5 йиллик фаолияти даврида ҳудудларга амалга оширган ташрифларидан олинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Унда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг номзоди илгари сурилган.
Маълумот ўрнида, Мирзиёев даврига қадар Ўзбекистонда Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Юлдуз Усмонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов, хонанда Озода Нурсаидова бир неча йил тақиқда бўлган.
LiveБарчаси