Еревандаги чемпионатда ҳам спорт сиёсийлаштирилди (видео)
Олам
−
15 Апрель 2023
8841Кеча, 14 апрель куни Арманистон пойтахтида оғир атлетика бўйича Европа чемпионатининг очилиш маросимида Озарбайжон байроғи расмий аккредитациядан ўтган шахс томонидан қўпол тарзда ёқиб юборилди. Баку мазкур провокацияга жавобан Европа чемпионатидан оғир атлетика бўйича миллий терма жамоа аъзоларини қайтаришга қарор қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Ёшлар ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитасининг қўшма баёнотида айтилади.
“Ушбу бузғунчилик Арманистон Бош вазири иштирок этган ва арман жамоатчилиги вакилларининг қарсаклари остида ўтказилган маросимда содир этилган. Провокацияни содир этган шахсни қаҳрамон сифатида кўрсатиш этник адоват ва ксенофобия, озарбайжонофобиянинг ёрқин намунасидир. Бундай хатти-ҳаракатлар спортнинг халқлар ўртасида тинчлик ва ҳамжиҳатликка хизмат қилувчи мақсад ва тамойилларига мутлақо зиддир. Спортни сиёсийлаштиришга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”, дейилади баёнотда.
Шу муносабат билан Баку озарбайжонлик спортчиларни Еревандан қайтаришга қарор қилган ва Европа оғир атлетика федерациясини Арманистонга қарши санкциялар жорий этишга чақирган.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Еревандаги провокацияни қоралаган.
“14 апрель куни Ереванда бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича Европа чемпионатининг очилиш маросимида Озарбайжон байроғи ёқиб юборилди. Биз Арманистонда илдиз отган этник сабабларга кўра Озарбайжонга нисбатан нафрат тимсоли бўлган провокацион ҳаракатни кескин қоралаймиз”, дейилади вазирлик хабарида.
Озарбайжон ТИВ Арманистон расмийлари тадбир ташкилотчиси сифатида воқеалар ривожининг ўз вақтида олдини олиши ва тегишли хавфсизлик чораларини кўриши кераклигини таъкидлади.
“Ушбу ҳаракатни содир этган шахс дастлаб ҳибсга олинган бўлсада, унинг гулдурос қарсаклар остида қўйиб юборилиши катта ташвиш уйғотади. Арманистон томони этник адоват асосида жиноят содир этган шахсни жавобгарликка тортиши керак”, дейилади баёнотда.
LiveБарчаси