Ереван ва Баку ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олишга келишиб олди

Олам

image

Арманистон ва Озарбайжон ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олиш бўйича келишиб олди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мазкур келишув ҳақида ЕОИИ саммитида маълум қилган.

“Биз муносабатларимизни тартибга солиш йўлида муваффақиятларга эришяпмиз”, дейди сиёсатчи.

Шу билан бирга, у халқаро механизм доирасида (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масаласига тўхталиб ўтган.

“Умид қиламанки, Баку ва Степанакерт ўртасида қисқа вақт ичида нормал, конструктив мулоқот бошланади”, дейди Пашинян.

Ўз навбатида, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатнинг Арманистонга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлигини қўшимча қилган.

“Баку ва Ереван ўртасида тинчлик келишувига эришиш имконияти бор, айниқса, Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида расман тан олганини ҳисобга олсак”, дейди Озарбайжон раҳбари.

Алиев бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олиш асосида муносабатларни нормаллаштириш учун жиддий шартлар мавжудлигини қайд этган.

Россия Президенти Владимир Путин Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари билан уч томонлама учрашувда барча келишмовчиликларни муҳокама қилиш мумкинлигига умид билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян арманлар хавфсизлиги таъминланган тақдирда (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишга тайёрлигини маълум қилган эди.

Қорабоғ уруши 

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди, Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади, натижада босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баку Ереван Қорабоғ уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг