Ереван Озарбайжонни ҳарбий дрон қўллаганини даъво қилмоқда
Олам
−
12 Май 2023
2492Бугун, 12 май куни эрталаб Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон қуролли кучлари томонидан Сотк қишлоғи яқинида учувчисиз қурилма ишлатилгани, оқибатда икки арман аскари яраланганини даъво қилди. Бу ҳақда вазирлик сайтида эълон қилинган баёнотда сўз борди.
“12 май куни тахминан соат 10:00 да (Тошкент вақти билан 11:00) Озарбайжон қуролли кучлари Сотк йўналишида учувчисиз самолётлардан фойдаланган ҳолда ўт очишни тўхтатиш режимини бузди. Арманистон Қуролли кучларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси яраланди. Ҳарбий хизматчилардан бирининг аҳволи қониқарли, иккинчисиники эса оғир деб баҳоланмоқда”, дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ўтган кун давомида мамлакат армиясининг бошқа йўналишларда жойлашган позициялари Арманистон қуролли кучлари томонидан жами 17 марта ўққа тутилганини баён қилган.
“Озарбайжон армияси бўлинмалари тегишли жавоб чораларини кўрди ва барча йўналишларда тезкор вазиятни назорат қилди”, дейилади Озарбайжон Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Бироқ расмий Баку хабарида ҳарбий дрон қўллангани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.