Ереван билан тинчлик келишувининг асосий шарти Арманистон конституциясини ўзгартиришдир – Алиев
Олам
−
01 Июль
5261Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон билан тинчлик келишувининг асосий шарти, Озарбайжонга қарши ҳудудий даъволарни ўз ичига олган Арманистон конституциясини ўзгартириш эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу ўзгаришларсиз шартнома имзоланмайди. Шу ҳақдаги тегишли баёнот Президент маъмурияти томонидан эълон қилинди.
Қайд этилишича, Канаданинг Бакудаги янги элчиси Кевин Ҳамилтон Алиевга ишонч ёрлиқларини топширган. Ишонч ёрлиқларини қабул қилган Алиев элчи Ҳамилтон билан суҳбатлашган.
Элчи Ҳамилтоннинг айтишича, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кенг қамровли тинчлик шартномаси имзоланса, унинг мамлакатининг ҳам Озарбайжон, ҳам Арманистон билан алоқалари янада ривожланади.
Ҳамилтон, Канада ҳар доим Озарбайжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаганини айтди.
Ўз навбатида, Алиев Арманистон билан имзоланадиган тинчлик шартномаси Озарбайжоннинг бирон бир давлат билан муносабатларида муҳим рол ўйнай олади, деб ўйламаслигини таъкидлади.
Президент Озарбайжон билан Европа Иттифоқининг 10 та давлати ўртасида стратегик шериклик декларацияси имзолангани ва бу имзоларнинг аксарияти 2-Қорабоғ уруши олдидан қўйилганини таъкидлади.
“Шу нуқтаи назардан, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномасининг йўқлиги минтақадаги бирон бир давлатнинг фаоллик даражасини белгиловчи омил бўла олмайди”, деган Алиев.
Президент ишғол пайтида баъзи давлатлар Арманистоннинг ишғолига нисбатан сукут сақлаганликларини ва Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватламаганликларини эслатди.
“Ҳозир биз арман армиясини жанг майдонида мағлуб этиб, ўз юртларимиздан қувиб чиқарганимиздан сўнг, бу давлатлардан бизнинг ҳудудий яхлитлигимизни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги баёнотларни эшитамиз. Энди бизнинг ҳудудий яхлитлигимизни кимдир тан оладими ёки йўқми муҳим эмас. Бу гаплар ерларимиз ишғол остида бўлганида муҳим бўларди”, деган Илҳом Алиев.
Арманистон билан тинчлик жараёнининг боришини изоҳлар экан, Алиев қўшимча қилди:
“Бу вақт талаб этади ва, албатта, тинчлик келишувининг асосий шарти Арманистон конституциясини ўзгартиришдир. Чунки унда Озарбайжонга қарши ҳудудий даъволар бор ва бу амалга оширилмагунча тинчлик шартномаси имзоланмайди. Биз музокаралар жараёнида жуда тез ҳаракат қилмоқдамиз. Ўйлайманки, бир неча ой ичида биз тинчлик шартномаси матнини, ҳеч бўлмаганда унинг асосий тамойилларини якунлашимиз мумкин. Биз асосий тамойиллар бўйича келишиб оламиз ва уларни бошлаймиз. Бироқ Арманистон Конституциясига ўзгартириш киритилгандан кейингина асосий матн устида ишлаш ҳам давом этади”, дейди Алиев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь