Ердаги энг кекса жониворнинг ёши маълум бўлди (видео)
Бу қизиқ
−
19 Июнь 5393 2 дақиқа
Жонатан исмли 194 ёшли тошбақа расман Гиннеснинг рекордлар китоби тимсоли деб тан олинди. Сайёранинг энг кекса жонивори Наполеоннинг сўнгги сургун қилинган жойи – Сент-Елена оролидан топилди. Бу ҳақда орол маъмурияти хабар берди.
“Дунёдаги энг кекса маълум қуруқлик жонивори ва оролнинг барчага севимли маҳаллий турғуни бўлган Жонатан расман Гиннеснинг рекордлар китоби тимсоли деб эътироф этилди”, дейилади хабарда.
Орол ҳукумати матбуот хизматининг маълум қилишича, Жонатан ёши анча улуғ бўлишига қарамай, оммавий тадбирларда иштирок этишда давом этмоқда.
Унинг расман рекордлар китобига киритилганига орол губернатори Найжел Филлипс муносабат билдирган.
“Кўплаб авлодлар давомида у оролнинг ўзлигига ва жамоавий хотирасига чуқур илдиз отган маҳаллий тимсол ҳисобланиб келган. Глобал миқёсдаги эътироф эса жамиятимиз анчадан бери биладиган ҳақиқатни акс эттиради: Жонатан нафақат ўз ёши билан ҳайратланарли жонзот, балки Сент-Елена ороли ва унинг халқи учун ҳақиқатан ҳам ўзига хос ноёб ҳодисадир”, дейди у.
Ушбу улкан тошбақа “Альдабра гигант тошбақаси” турига мансуб бўлиб, ушбу тур вакиллари одатда 150 йилгача умр кўради. Жонатан 1832 йилда туғилган, 1882 йилда эса Сейшел оролларидан Сент-Елена оролига кўчирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Сулавеси оролида топилган тўрсимон питон Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг узун илон сифатида киритилганди. Илоннинг узунлиги 7,22 метрни ташкил этади. Унинг вазни эса 96,5 килограммга тенг. Мутахассисларнинг айтишича, илоннинг узунлиги тахминан 7,9 метрга ҳам етиши мумкин.
Live
Барчаси